ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги энг оғриқли нуқталар ҳақида фикр билдириб ўтди.

Бундан ташқари, юқори ҳосил берадиган навларни четдан олиб келиш ва эркин жойлаштиришга ҳам рухсат берамиз.

Қашқадарёда энг ачинарли ҳолатлардан бири бу – вилоят аҳолиси ҳалигача пахтани букилиб, қўл меҳнати билан териб келмоқда.

Шунинг учун келгуси беш йилда 40 фоиз қишлоқ хўжалиги техникалари янгиланиб, механизация даражаси 90 фоизга, жумладан машинада пахта терими 15 фоиздан 60 фоизга етказилади. Бунда, пахтани машинада териш харажатининг 30 фоизини бюджетдан қоплаб бериш яна уч йилга узайтирилади.

Шунингдек, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан икки йил муддатга озод қилинади. Қишлоқ хўжалиги техникаси хариди учун субсидиялар кўлами ҳам кўпайтирилади.

Вилоятнинг энг оғриқлиги нуқталаридан бири бу – қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор сув билан таъминлаш ҳисобланади.

Мисол учун, Қарши магистрал каналидан сув олиб келишга, биргина электр учун йилига 100 миллион долларга яқин маблағ сарфланади. Яъни, 1 гектар пахтани суғоришга 2,5 миллион сўм харажат қилинмоқда. Лекин, сувдан самарасиз фойдаланиш туфайли ушбу маблағларнинг 30 фоизи исроф бўлмоқда.

Шу боис, келгуси беш йилда 118 минг гектарда инновацион сув тежовчи технологиялар жорий қилинади. Шунингдек, 93 минг гектар майдонни лазерли текислаш орқали, шунга алоҳида аҳамият беринг, йилига 130 миллион куб метр сув иқтисод қилинади. Бунинг учун, 25 миллиард сўм субсидия берамиз. 

Бундан ташқари, 105 миллион доллар ҳисобига Қарши насос станциялари каскади реконструкция қилиниб, 400 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланади.

Қашқадарё вилоятида 27 минг гектар экин майдони танлов асосида 60 мингга яқин аҳолига ажратиб берилади

Ҳозирги кунда вилоятда ҳар бир хонадонга ўртача 10 сотих томорқа тўғри келиб, унинг бор йўғи 20-25 фоизидан фойдаланилмоқда. Агар ушбу томорқалардан йилига 3-4 марта ҳосил олиш йўлга қўйилса, қўшимча 100 минг гектар ернинг ўрнини босади.

Мисол учун, Қарши тумани “Талли-курон” маҳалласида кўкат етиштирилиб, 5 мартагача ҳосил олиб, ҳар бир хонадон йилига 40-50 миллион сўм даромад кўрмоқда. Шу каби, Шаҳрисабздаги “Синабоғ” маҳалласида эса лимон ва қатор орасига қўшимча экинлар экиш орқали битта хонадоннинг йиллик даромади 80 миллион сўмгача етмоқда.

Шу боис, алоҳида дастур доирасида вилоятда 27 минг гектар экин майдонлари танлов асосида 60 мингга яқин аҳолига 50 сотихдан ажратиб берилади. Хабарим бор, Шаҳрисабз туманининг тоғолди Ҳисорак, Сайёд, Сувтушар, Бошқоқ, Бешбек, Сарчашма ва Оммағон қишлоқлари аҳолиси деҳқончилик қилиш учун ушбу ерларнинг ажратилишига катта умид боғламоқдалар.

Шунингдек, 15 мингта хонадонда кичик ҳажмдаги иссиқхоналар қуриш учун имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилади. Сув таъминоти оғир бўлган 771 та маҳалладаги томорқалар учун 4 мингта қудуқ қазиб берилади. Мана сизларга бандлик ва аҳоли даромади бўйича аниқ ҳисоб-китоб”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб  ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Амир Темур туғилган қишлоғи ободонлаштириш олиб борилиши ҳақида айтган эди.