ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди. Учрашув давомида у вилоятда мактабгача таълимни ривожлантиришга 1 триллион сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилишини айтиб ўтди.

Таъкидланишича, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 62 фоизга етказилади. Бунинг учун 40 та давлат ва 38 та хусусий, 1 мингта оилавий боғчалар ташкил этилади

Шулар билан бирга, Косон ва Шаҳрисабз педагогика коллежлари базасида “Мактабгача таълим кластери” фаолияти йўлга қўйилади. Деҳқонобод, Касби, Китоб, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузорда боғча тўлови миқдори 2 баробарга камайтирилади.

Маълумот учун, вилоятда 101 та мактаб 3 сменада ишлайди, 380 та мактабда спорт зал йўқ, 809 та мактаб тоза ичимлик суви, 169 та мактаб замонавий иситиш тизими билан таъминланмаган. Келгуси беш йилда 22 та янги мактаб қурилади, 400 таси тўлиқ таъмирланади. Натижада, 140 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратилади.

Шунингдек, вилоятдаги 10 минг ўрта махсус маълумотли муаллимларга олийгоҳларда ўқиш учун квота ажратилади.