ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги энг оғриқли нуқталар ҳақида фикр билдириб ўтди. Бу ҳақда партия ахборот хизмати хабар қилди.

“Бугунги кунда 521 та маҳаллада яшайдиган 1,8 миллионга яқин аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. Айниқса, Косон – 4 фоиз, Деҳқонобод – 6 фоиз, Қамашида бу кўрсаткич жуда паст – 14 фоиз. Қарши шаҳри канализация иншоотидаги тозалаш ускуналарининг 60 фоизи яроқсиз аҳволда. Оқибатда, оқова сув тозаланмасдан очиқ сув манбаларига чиқариб ташланмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги мавжуд 14 та канализация насос станцияларининг барчаси таъмирга муҳтож.

Шу боис, келгуси беш йилда марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 47 фоиздан 80 фоизга етказилади. Бунда, 4 минг 300 километр ичимлик суви ва 360 километр канализация тармоқлари, 237 та ичимлик сув ва 2 та оқова сув иншоотлари барпо этилади.

Жумладан, Косон, Муборак, Қамаши, Ғузор туманлари, Қарши, Шаҳрисабз, Китоб шаҳарларида ичимлик сув ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 260 миллион доллар бўлган 4 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада, илгари ичимлик суви етиб бормаган Ғузор, Косон, Деҳқонобод, Қамаши, Қарши, Касби, Муборак ва Миришкордаги 342 та маҳалланинг 1,5 миллион аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Ушбу ишларга жами 3 триллион сўм маблағ ажратилади.

Ичимлик суви танқис бўлган Ғузор, Нишон, Касби, Миришкор туманларининг ер ости шўрланган сувларини қайта ишлаб, истеъмолга йўналтириш лойиҳаси амалга оширилади”, — деди Шавкат Мирзиёев.