Яқинда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган “Оёқяланг судрашди. Қонунни оёқости қилишди” – урганчлик аёл Сенат Раиси ва Бош прокурордан кўмак кутмоқда” номли видеоматериал тарқалган эди.

Унда Урганч туманида ИИБ ходимлари ва бошқа идоралар вакиллари ҳоким топшириғига кўра, фуқаро омборида сақланаётган бир неча тонна буғдойни мажбуран тортиб олгани ва асоссиз равишда унинг мулкига тажовуз қилгани айтилган.

Фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш, ҳолатга қонуний ечим топиш мақсадида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мурожаатига мувофиқ ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олинган. Ўз навбатида, Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда ўрганиш ишлари бошланганлигини маълум қилган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Урганч туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, “Khiva sesame” МЧЖ раҳбари Р.Каландаров жамиятга кунжут экиш учун ажратилган ер майдонининг 10,4 гектарини оғзаки келишувга асосан фуқаро И.Ражаповга ғалла экиш учун берган.

Ушбу ер майдонида фуқаро И.Ражапов томонидан етиштирилган 17,2 тонна буғдой ҳосили фуқаронинг хусусий мулки эканлиги аниқланиб, ўз эгасига қайтарилиб, хусусий мулк дахлсизлиги таъминланди.