Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов Қорақалпоқ тарихи ва маданияти музейининг филиали Мўйноқ Экология музейига борди.

Нарзулло Обломуродов музейни бугунги Мўйноқ табиатига оид экспонатлар билан бойитиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Обломуродов музейнинг археология бўлимида ХIX-XX асрга тегишли лойдан ишланган кўзаларни кўздан кечирди.

Шунингдек, музей меҳмонлари  қорақалпоқ ўтовини ҳам кўздан кечирди. Ўтов ичида Мўйноқда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, аҳолининг турмуш даражасини ошириш экологик муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Музейлар кечамиз, бугунимиз ва эртамиз. Музейларни асрашимиз, уларни янада бойитишимиз, ёшларнинг бу масканларга келишларини таъминлашимиз лозим.

Айниқса, тарихдан сўзлайдиган бу каби маданият ўчоқлари  миллий ғурур, ифтихор туйғуларини оширишда муҳим аҳамият касб этади“, — деди Обломуродов.

Мўйноқ Экология музейи юртимиздаги энг ноёб музейлар сирасига киришини, бу каби музейларни бойитиш ҳамда янги экология музейларини ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Нарзулло Обломуродов ўз анъанасига мувофиқ музей ҳовлисига кўчат ўтқазди.

Бу кўчат келажакда Мўйноқ халқининг эртанги кунга бўлган ишончини мужассамлаштиришига умид қиламан“,— деди Экопартия раҳбари.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Мўйноқ Экология музейи 1984 йилда Мўйноқдан 20 километр узоқликдаги овулда асос солинган. 1989 йилда туман марказига кўчирилган.

Музейдан қорақалпоқ халқининг тарихи ва миллий қадриятларини ифодаловчи экспонатлар ўрин олган. Музей экспозицияси этнография, табиат, археология ҳамда янги тарих бўлимларидан иборат.

Табиат бўлимида Орол денгизининг ҳайвонот ва наботот оламига экспонатлар мавжуд. Бундан ташқари мўйноқликларнинг ов қуроллари, қайиқларни учратасиз.

Шунингдек, Орол денгизининг ҳолатини акс эттирувчи NASA томонидан тасвирга олинган фотосуратлар ўрин олган.

Шу билан бирга музейда бир пайтлар Мўйноқда фаолият юритган консерва заводларининг фотоальбомлари экспортга жўнатилган консерва қутиларининг макетларини ҳам кўриш мумкин.

Музейнинг этнография бўлимида қорақалпоқ халқининг тарихи, этнографиясига оид маълумотлар ва экспонатлар, хотин- қизларнинг миллий либослари ва тақинчоқларини учратиш мумкин.