Наманган вилоятининг Уйчи туманида Nexia ва Matiz тўқнашиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

2021 йил 8 октябрь куни соат 15:00ларда, Р-263 Уйчи айланма йўлининг 7 км.да, Уйчи тумани Оқтош МФЙ ҳудудида, Уйчи туманида ота-онаси қарамоғида яшовчи, тумандаги мактабнинг 9-синф ўқувчиси, 2007 йилда туғилган бола бирга яшовчи, 1978 йилда туғилган отасини номида бўлган Некция русумли автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган, Чортоқ туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаронинг бошқарувида бўлган Матиз русумли автомашинаси билан тўқнашув содир этган.

Натижада, Матиз русумли автомашинада бўлган йўловчи, 1998 йилда туғилган фуқаро воқеа жойида вафот этган. Матиз ва Некция автомашинаси хайдовчилари ҳамда Некция русумли автомашинада бўлган йўловчи, Уйчи туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаролар мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши ташхиси билан тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилганлар.

Ушбу ҳолат бўйича Уйчи туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2021 йил 8 октябрь куни Ўз.Р ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган”, – дейилади хабарда.