ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди.

Қашқадарёнинг мен бормаган ҳудуди қолмаган. Бош вазир бўлган пайтларимда ҳам оғир-оғир масалаларни ҳал қилишга ҳаракат қилганмиз. Йилнинг мана шу пайтлари ҳаммамиз пахта дардида юрардик. Лекин қизиғи, далада эмас, кўпроқ пахта заводи атрофида айланардик. Лекин “хлопзавод”да пахта ўсмайдику, “приписка” ўсади у ерда.

Бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман – 2016 йилгача биз асосан газ билан пахта сотардик. Газдан кўпи билан 1 млрд, пахтадан нари борса 800-900 млн доллар даромад олардик. Ҳозир биласизлар, четга нари борса 15-20 фоиз газ сотяпмиз. Чунки эски шартномаларимиз бор. Керак бўлса четдан газ сотиб олишга ҳам тайёрмиз, сабаби, саноатимиз ишлаяпти.

Қашқадарёда бошқа вилоятларга нисбатан муаммолар кўпроқ. Бугун жонажон халқимизнинг фаровонлиги учун кўп-кўп ишлар қилишимиз кераклигини ҳаммамиз биламиз. Бугун ана шу масалалар бўйича очиқ мулоқот қилиб оламиз”, – дейди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан биргаликда Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Қашқадарё вилоятига ўзгача тариф бериб ўтди:

Қашқадарё – қадимий ва табаррук замин, мард ва бағрикенг, меҳнаткаш ва лафзи ҳалол, ғурури баланд инсонлар юртидир. Бу воҳа ўзининг ноёб табиий бойликлари, улкан саноат салоҳияти билан юртимизнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётгани эл-юртимизга яхши маълум.   

2700 йиллик тарихга эга Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарлари билан бутун халқимиз фахрланади. Ўрта асрларда Насаф, яъни бугунги Қарши Ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшгани учун “Мадина” деган олий мақомга сазовор бўлган. 

Бундай юксак мақомга Ислом оламида фақат 8 та шаҳар лойиқ кўрилган.“Илм ва дин қуббаси” номини олган Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорус-саодат, Дорут-тиловат каби меъморий обидалар, Темурийлар Ренессанси даврининг буюк намуналари сифатида беқиёс аҳамиятга эга.   

Испания Қироллигидан Амир Темур бобомиз ҳузурига элчи бўлиб келган Клавихонинг: “Парижнинг энг нозик дидли зодагонлари ҳам Оқсаройни кўрганида ҳайратдан лол қолар эди”, деган сўзлари ҳам фикримизни  тасдиқлайди”, – деди Мирзиёев.