Тошкент шаҳрида 8 октябрь куни “Ўзбекистонда этноспортнинг ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирни бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдўғон очиб берди.

Ўзбекистонда миллий спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш мамлакатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслардан бири ва номоддий маданий меросни асраш, шунингдек, аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ҳамда оммалаштириш соҳасидаги асосий масалалардан биридир.

Халқ ўйинлари қадимдан давлатчилик шаклланиши, жамоани бирлаштириш ва ҳимоя қилишда ҳам юксак аҳамият касб этган.

Бугунги кунда улар шахсни жисмонан соғлом, қатъиятли, сабр-матонатли, ҳозиржавоб ва маънавий етук бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда.

Бир халқнинг тарихи минг йиллар давомида шакллангани унинг моддий ва маданий бойликларида, этнографиясида акс этади. Шундай экан, фурсатдан фойдаланиб, барчага Ўзбекистон Этноспорт ассоциацияси очилиши ҳақида маълум қиламан”, — деди Азиз Абдуҳакимов.

Шундан сўнг Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдўғон сўзга чиқиб, халқ ўйинлари ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади. Бундан ташқари, меҳмон Ўзбекистонга бешинчи марта ташриф буюргани ва унинг тарихи ҳамда қадриятларидан катта таассуротда эканини айтди.

Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистон Этноспорт ассоциацияси раҳбари сифатида Ойбек Норинбоев таништирилди.

Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси, унинг раиси Нажмиддин Билол Эрдўғон ҳамда туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўртасида Миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантиришга доир ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ва Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси ўртасида ҳам меморандум имзоланди.