Сайловлар жамият ҳаётидаги тарихий жараён. Халқ ўзи муносиб деб билган номзодга овоз бериш орқали давлат бошқарувида иштирок этиб, давлат ва жамият ҳаётидаги маълум муддатли келажакни ўзи овоз берган номзод орқали кўради.

Шундай муҳим жараёнларни аҳолига етказиш катта масъулият талаб қилади. Чунки бу жараёнда холисликни таъминлаш сайловнинг ҳалол ўтишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ёритиб бориш ҳуқуқига эга.

Сайлов кодексининг 8-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

Сайлов қонунчилигига кўра, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайлов жараёнларини ёритиш учун тегишлилигига кўра, Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан аккредитациядан ўтган бўлиши керак.

Хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси (МСК) аккредитациядан ўтказади.

Сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб сайловга камида ўн кун қолгунга қадар ОАВ вакиллари Марказий сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.

Сайлов жараёнларини ёритиш қачон бошланади?

Сайлов жараёнларини ёритиш сайлов компанияси бошланганлиги расман эълон қилингандан сўнг бошланади. Сайлов кодексига кўра, сайлов компанияси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича уларнинг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон бериш орқали бошланади.

Юқоридаги асосга кўра, жорий йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди.

Сайлов жараёнларини ёритишда ОАВ вакилларининг қандай ҳуқуқлари бор?

Сайлов жараёнларини ёритувчи ОАВ вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш мақсадида сайлов комиссияларининг мажлисларида иштирок этиш, жумладан, номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда ҳамда номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиши мумкин.

Шунингдек, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида маълумот олиш ҳамда ушбу жараёнларни бевосита ёритиб бориш, сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш мумкин. Бироқ бу тартиб қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, ОАВ вакиллари овоз бериш жараёнида ҳозир бўлиш, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш жараёнларини кузатиш, овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ва сайлов натижаларини аниқлашда ҳозир бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сайлов жараёнларини ёритишда қандай мажбуриятлар бор?

Сайлов қонунчилигига кўра, ОАВ вакиллари сайловчиларга таъсир ўтказиши, қонунга хилоф равишда бирон бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиши, сайловчи овоз бераётганида унинг ёнида бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, сайловчилардан қайси номзодга овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш ҳам тақиқланади. Участка сайлов комиссиясининг фаолиятини кузатиши ва ёритиб бориши мумкин, бироқ сайлов қутилари муҳрланаётган ёки очилаётган пайтда ҳамда овозлар санаб чиқилаётганда бевосита аралашиш кузатувчиларга ҳам, ОАВ вакилларига ҳам мумкин эмас.

Бундан ташқари, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижалари, сайлов натижалари прогнозлари, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш ҳам қонунчиликда ман этилган.

Сайловни ёритишнинг ўзига хослиги нималардан иборат?

Cайлов жараёнларини ёритишдаги энг асосий жиҳат – бу холисликни таъминлашдир. Бунда МСК ҳам, давлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари ҳам холис бўлиши, барча номзодларга нисбатан бир хил имконият берилишини таъминлаши лозим.

Шунингдек, ўтган сайловлар давомида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан берилган қонунчиликка сайлов кампанияси даврида давлат ресурсларини суиистеъмол қилиш масаласини ҳал этадиган аниқ нормалар киритилиши лозимлиги тўғрисидаги тавсияси инобатга олиниб, Сайлов кодексининг 44-моддаси қуйидаги меъёрлар билан тўлдирилди:

“Қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади: давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг; сайлов комиссиялари аъзоларининг; диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади”.

Сайлов қонунчилигига тегишли нормалар киритилган бўлсада, амалда бу қоидалардан билиб ёки билмай чекиниш эҳтимоли йўқ эмас.

Буни айниқса давлат ва нодавлат телеканалларида эфирга узатиладиган, номзодлар ва уларнинг дастурларига бағишланган турли реклама роликлари, дебатлар ҳамда ток-шоуларга сайлов тарғиботи билан шуғулланиш қонун билан тақиқланган шахслар – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларини, диний соҳа вакиллари ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари жалб этилишига бўлаётган уринишларда яққол кўриш мумкин.

Сайлов жараёнларини ёритиб борувчи барча ОАВ, улар давлат ёки нодавлат ташкилот бўлишидан қатъи назар, барча учун ягона мезон бу – холислик бўлиши, айниқса, давлат маблағларидан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситалари нейтралликни сақлаши сайловларнинг адолатли ва қонуний бўлиб ўтишидаги зарурий шартлардан биридир.

Севара Ўринбоева,

Адлия вазирлиги масъул ходими