Самарқанд вилояти Нарпай тумани “Ўзбекистон” маҳалласи Танишка-2 қишлоғида истеъмолга яроқсиз бўлган гўшт маҳсулоти тарқатилгани сабабли куйдирги касаллиги тарқалгани хабар қилинди. “Дарё” нашри маълумотларига кўра, ушбу касаллик билан 6 нафар фуқаро касалланиб, шифохонага ётқизилган.

Самарқанд вилояти санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати Нарпай туман “Ўзбекистон” МФЙга қарашли Танишка қишлоғида яшовчи фуқароларда А-22.0 (куйдирги)га гумон қилиниб, 2021 йилнинг 17 сентябридан бошлаб 5 нафар бемор рўйхатга олинганини маълум қилди.

Хусусан, 1966 йилда туғилган Б.Т., 1974 йилда туғилган И.Д., 1984 йилда туғилган М.Г. ҳамда 1985 йилда туғилган Й.Б. ва Б.Й. тумандаги юқумли касалликлар шифохонасига келиб даволанган.

Таъкидланишича, юқорида номлари қайд этилган беморлар 2021 йил 17 сентябрь куни ушбу қишлоқда яшовчи қариндоши Б.М.нинг сўйилган қорамол гўштидан истеъмол қилган.

Б.М. касал бўлган молни сўйиш ва терисини тозалашда қариндошлари Й.Б. ва Б.Й.ни чақирган. Мажбурий сўйилган мол тахминан 70 килограмм гўшт қилган. Сўйилган молнинг калла-поча ва суб маҳсулотларини М.Г. ҳамда И.Д. тозалаб-пишириб қариндошлари билан истеъмол қилган. Қолган мол гўштни 11 та хонадонга ва 2 килограмм масжидга тарқатган.

2021 йилнинг 24 сентябрь куни соат 17:00 да вилоят ЮККШ томонидан телефон орқали берилган шошилинч хабарномага асосан вилоят СЭО ва ЖСБ УХЮК бўлим ва УХЮК лабораторияси ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқарма эпизоотологи Х.Умаров Нарпай туман СЭО ва ЖС бўлими мутахассислари билан ҳамкорликда эпидемиологик ва эпизоотолик суриштирув ишлари олиб борилган.

Вилоят СЭО ва ЖСБ УХЮК лабораториясига касалликка гумон қилинган беморлардан, қора-мол сўйилган жойдан, қора-мол гўштидан намуналар олинган. 2021 йилнинг 27-сентябр куни беморларнинг барчасидан олинган намуналар натижаси бактериологик текширувларда манфий натижа аниқланган. Ташқи муҳит объектлардан (4 та тупроқ ва мол гўштидан олинган намуналардан (жами 5 та намуналардан) манфий натижалар аниқланган.

Мол сўйилган жойларда дезинфекция тадбирлари ўтказилиб, аҳоли ўртасида куйдирги касаллиги профилактикаси бўйича суҳбатлар олиб борилди. Қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, мажбурий сўйилган мол гўштини истеъмол қилган фуқаролар билан тиббий профилактик чора- тадбирлар олиб борилди, дейилади Самарқанд вилояти санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати маълумотида.

Нарпай туман ветеринария бўлимининг берган маълумотига кўра, Танишка қишлоғида 400 бош ЙШМ, 130 бош МШМ, 4та эшак, 2021 йилда тўлиқ куйдирги касаллигига қарши эмланган. Фуқаро Б.М.нинг хонадондаги 4 бош ЙШМ куйдирги касаллигига қарши эмланган.