“Қамчиқ” довони йўлида юк автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 9 октябрь куни соат 07:30 ларда Наманган вилояти ҳудудидан ўтган А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлида, Қамчиқ довонида ҳайдовчи, 1983 йилда туғилган К.Р. “MAN” русумли юк автомобилида ҳаракатланаётиб, 234-километрга етган вақтда бошқарувни йўқотган ва транспорт воситаси қарама-қарши оқимни ажратувчи тўсиққа урилган. ЙТҲ натижасида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ.

Воқеа жойида ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳайдовчига ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда қўшимча суриштирувлар олиб борилмоқда.

Барча ҳайдовчилардан довон йўлида ўта эҳтиёткор бўлишларини, об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишларини сўраймиз”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлганди.