Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов Тошкент вилояти Нурафшонда бўлиб, шаҳар аҳолисига ичимлик сувини етказиб бериш, оқова сувларни қайта ишлашда татбиқ этилаётган лойиҳалар билан танишди.

Партия матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунга келиб, Тошкент вилоятининг маъмурий маркази Нурафшон шаҳрида 48 мингдан зиёд аҳоли вакиллари истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 21 минг нафари марказлашган ичимлик суви билан таъминлаган. Қолган 35 фоизи муқобил ичимлик суви манбаларидан фойдаланади.

Бу ерда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Нарзулло Обломуродов ана шундай лойиҳалардан бири “Comfort Engineering Group” МЧЖ бўлиб, яқин вақт ичида ишга тушиши режалаштирилган корхона фаолияти билан танишди.

Лойиҳа қиймати 5 миллион АҚШ доллари бўлган оқова сувларни тозалаш иншооти Россия ва Латвиянинг илғор технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда бир кеча-кундузда 4 минг кубометр оқова сув қайта ишланиб, яқин атрофдаги балиқчилик хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга етказиб берилади.