АОКАда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида ўтказилган брифингда мавзу юзасидан маълумот берилди.

2021 йил 4 октярбь куни Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи Қонун қабул қилинди.

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун белгиланган жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Яъни бундай ҳаракатларни содир этган шахслар:

БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима (илгари фақат 50 бараваригача);

– 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 1 йилгача);

– 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди (илгари 1 йилгача).

Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали “қаердадир фуқаро ИИВ ходимига қўл кўтарди” ёки “ИИВ ходими калтакланди” ва бошқа шунга ўхшаш хабарлар кўп учраб турибди.

Бундан кўриниб турибдики, жамиятда ҳокимият вакили ёки ўз фуқаролик бурчини бажараётган шахслар ҳамда фуқаролар ўртасида турли хил зиддиятли ҳолатлар келиб чиқмоқда.

Ҳолатлар ўрганилиб, таҳлил қилинганда кўпчилигида фуқаролар томонидан жамиятда ўрнатилган тартиб қоидаларни менсимаслик, уларни бузиш, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршиликлар кўрсатиш аниқланган.

Статистикага эътибор берадиган бўлсак, сўнги йилларда ҳокимият вакилига нисбатан фаол қаршилик кўрсатиш жиноятларининг сони ошган, жумладан 2019 йилда – 243 тани, 2020 йилда эса 251 тани, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тажовуз кайфияти ҳам ортиб, 2018 йилдаги 24,1 минг ҳолат содир этилган бўлса, 2020 йилда 39 минг ҳолатни ташкил қилмоқда.