Ўзбекистон туманида Қудаш ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар “Мурувват” интернат уйи мукаммал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди. Бу ҳақида Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқа.

Бугун Ўзбекистон туманидаги Қудаш ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар “Мурувват” интернат уйида амалга оширилаётган мукаммал таъмир ишларининг биринчи босқичи якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Республика Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори Алишер Инаков, вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, туман секторлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон қадри учун катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, 2015 йилда Наманган вилоятига янги ҳоким этиб тайинланган даврида Поп туманидаги ногиронлиги бўлган шахслар учун “Мурувват” интернат уйига бориб, у ердаги ачинарли ҳолат билан танишгани, муассасани таъмирлаш учун маблағ бўлмаганлиги сабабли ҳомийларни жалб қилган ҳолда эпақага келтирилганини айтиб ўтди.

Фақат байрамлардагина эсланган “Саховат” ва “Мурувват” уйлари Президентнинг алоҳида ғамхўрликлари, инсонпарварлик ва миллатпарварлик билан йўғрилган сиёсатлари натижасида меҳр ва эътибор билан тўлганини қайд этган вилоят ҳокими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигини Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига ўтказилгани, шароитлар, тиббий-ижтимоий хизматлар яхшилангани, ходимларнинг ойлик иш ҳақлари икки баробар оширилгани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарганини таъкидлади.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони билан ушбу интернат уйининг 360 ўринли биноси мукаммал таъмирдан чиқарилиши белгилаб берилганди.

Фармон билан Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги , “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш тадбирлари Республика бўйича жами 35та муассаса учун 413 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, шундан Қудашдаги интернат уйи учун 7 миллиард сўм маблағ Республика бюджетидан ажратилганди.

Вилоят маҳаллий бюджетидан ҳам қўшимча маблағ ажратилиб, умумий лойиҳа қиймати 15 миллиард 575 миллион сўм бўлган қурилиш-реконструкция ишлари бошлаб юборилди. 2022 йилда якунланиши кўзда тутилган ишларнинг ҳозирги кунга 6 миллиард сўмлик қисми амалга оширилиб, яшаш бинолари ҳамда  маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари тўлиқ таъмирдан чиқарилди, хоналар жиҳозланди.

Бино фасад қисмининг бўяш ишлари якунланди,  эшик ва ромлар ўрнатилди, кафел териш ишлари якунига етказилди. Муассаса ҳудуди бўйлаб тунда ёритиш чироқлари, таянч устунлар ўрнатилди, ҳудуднинг ички ва ташқи йўллари асфалтланиб, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Реконструкция ишларининг иккинчи босқичи давом этмоқда.