Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳозир Қашқадарёда 31,9 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритиб, ялпи ички маҳсулотнинг 71 фоизи кичик ва хусусий бизнес субъектлари хиссасига тўғри келмоқда,  меҳнатга лаёқатли аҳолининг 81,4фоиздан ортиғи ушбу секторда иш билан таъминланган.

Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йилда мамлакат иқтисодиёти камида 5 фоиз ўсиши мақсад қилинган. Бу эса ўз навбатида иқтисодий ўсишнинг қўшимча захираларини топиш ва сафарбар қилишни талаб этади.

Президент томонидан барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, уларни ривожлантириш вазифаси қўйилди.

Иқтисодий комплекс вакилларини маҳаллага тушириб, вертикал тизимни, барча органлар фаолиятини ўзаро мувофиқ йўлга қўйиш, ҳар бир раҳбарнинг мазкур тизимдаги шахсий масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш, барча жараёнларга кўмаклашувчи онлайн электрон платформа яратиш зарурлиги таъкидланди.

Президент камбағалликни қисқартириш масаласига яна бир бор тўхталиб, мутасаддиларга аҳолини тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Хизматлар соҳасида ишга солинмаган имкониятларни тўлиқ сафарбар этиб, ҳудудларда сервис шохобчаларини кўпайтириш, янги замонавий хизмат турларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. 2021-2023 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурига ёшлар кенг жалб этилиши белгиланди.

Вилоятда хам ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқаролар, айниқса ёшлар жуда кўпчиликни ташкил этади.

Маҳаллабай ишлашнинг “Андижон тажрибаси” бўйича Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Қашқадарё вилояти бўйича ваколатли офиси ходимлари хам ушбу жараёнга жалб қилинган бўлиб, бугунги кунгача Шахрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Касби, Миришкор, Косон, Муборак, Касби туманларида мониторинг ўтказилди.

Ўрганиш жараёнидан шундай хулоса қилса бўладики,  аксарият тадбиркорлик субъектларининг асосий иш  фаолияти савдо-сотиққа қаратилган ва бир хил махсулотлар сотишга ихтисослашган. Бундан ташқари савдо дўконларининг аксарияти бир худудда яъни махалла маркази ёки асосий кўчасида жойлашган. Натижада тадбиркорлар орасида носоғлом рақобат мухити юзага келишига олиб келмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари, айниқса савдо дуконлари ва бир-хил йўналишдаги хизмат кўрсатиш обектларини хонадонлар жойлашуви, ахоли зичлиги, ижтимоий соха обектлари жойлашувига асосан  дислокациясини қатъий архитектура талаблари ва шахарсозлик нормаларига асосан амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Худуднинг  географикжойлашуви, иқлим шароити, тупроқ таркиби ва шу каби бошқа омиллардан келиб-чиқиб ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш сохаларини ривожлантириш масаласига алохида эътибор қаратиш лозим. Азалдан вилоятнинг аксарият махаллаларида муайян тадбиркорлик йўналишлари ривожланган, яъни косиблар, чилангарлар, дурадгорлар ва хоказо.

Шу йўналишларда хозиргача ананаларини сақлаб қолган усталаримиз мавжуд. Биз мозийга қайтиб бугунда эхтиёжи паст бозорбоп бўлмаган ноликвид махсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш тарафдори эмасмиз. Замоннинг зайили билан бугунги кунда хохлаган махсулотни ишлаб чиқаришни ёки хизмат кўрсатиш масканини йўлга қўйиш имконияти мавжуд.

Тадбиркорнинг асосий масаласи тайёр махсулотни сотиш. Шундай экан тадбиркорликни янгидан йўлга қўяётган фуқароларимиз фаолиятини йўлга қўйишдан аввал жахон ва республика бозоридаги талабни мукаммал биладиган мутасадди ташкилотлар билан хамкорликда ишлашлари талаб этилади.

Худуддаги мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида махалланинг салохиятли тадбиркорларини  жалб қилган ҳолда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш орқали ушбу корхоналарга хотин-қизлар ва ёшлар дафтарига кирган фуқароларни иш билан таъминлаш чораларини кўриш лозим.

Етук олимлар, малакали мутахассисларни жалб қилган холда ахоли томорқасидан самарали фойдаланишнинг айнан Қашқадарё тажрибасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Водий вилоятларида ахолининг зичлиги, ер ресурсларининг чекланганлиги натижасида томорқа маданияти воха вилоятларига нисбатан анчагина яхши ривожланган. Вилоят рахбарияти томонидан мутасадди рахбарларни водий вилоятларига тажриба алмашишлари учун бир неча маротаба хизмат сафарлари уюштирилди.

Аммо ушбу тажрибани ахолининг кенг қатламларига жорий қилиш масаласи суст бормоқда. Туманларга ташрифларимиз давомида маълум бўлаяптики; томорқа эгаларининг асосий важлари ва муаммолари сув таъминоти.

Дунёда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит шароитининг ёмонлашиши туфайли кўплаб сув манбалари хавф остида қолмоқда.

Дунё ресурслари институтининг прогнозларига кўра, 2040 йилга келиб, жаҳоннинг 33 давлати сувнинг ўта оғир даражада танқислиги муаммоси билан тўқнашади.

Бу мамлакатлар орасида Марказий Осиё давлатларининг барчаси мавжуд. Қолаверса, сув айрим минтақалар учун геосиёсий барқарорлик омили бўлиб, сувдан фойдаланиш ва тақсимлашнинг самарали ва барқарор амалиётларини ишлаб чиқиш минтақа мамлакатларининг келажакдаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун жуда муҳимдир.

Излаган имкон топади деганларидек вилоятда мавжуд сув ресурсларидан самарали, тежамкор технологиялар асосида фойдаланилса, ер ости сувларидан унумли фойдаланиш йўлга қўйилса ушбу муаммони хал қилиш имконияти мавжуд.

Мавзу бўйича озроқ чекиниш қилиб Голландия давлатининг қишлоқ хўжалиги сохасига назар ташласак.

Голландиянинг ЯИМ 700 миллиард доллар бўлиб, аҳоли жон бошига 40,7 минг еврога тўғри келади ва бу соҳада ҳам дунёнинг кучли 10 та давлати қаторига киради.

Мамлакат умумий ер майдонининг 65 фоизини қишлоқ хўжалиги эгаллаган. Мамлакатдаги 4,5 миллион қорамолдан 2,5 миллион бош сигир сут ишлаб чиқаришга ажратилган. Ёғ етиштириш бўйича Европада 5-ўрин, пишлоқ ишлаб чиқариш бўйича 4-ўринда туради. Мамлакатдаги 1,5 минг гектар иссиқхонанинг тахминан 60 фоизи гулчиликка ажратилган.

Аграр соҳа экспорти бўйича мамлакатга мева-сабзавотлар 12 миллиард евро, сут маҳсулотлари 5 миллиард евро фойда келтиради. Ҳаммаси бўлиб қишлоқ хўжалиги мамлакатга 85 миллиард евро даромад олиб келади.

Мамлакатда аграр соҳада фаолият юритаётган бир ишбилармон 112 нафар кишини боқади. Германия ва Францияда бу кўрсаткич 2-3 маротаба кам. Россияда эса 9 тага тўғри келади. Голландия озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз мамлакати аҳолисини тўла таъминлабгина қолмасдан, маҳсулотлар экспорти бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.

Дунёда аҳоли зичлиги бўйича энг юқори ўринда бўлганлиги сабабли бу ерда ҳар бир квадрат метр жойдан тежаб-тергаб фойдаланилади. Голландия қишлоқ хўжалигининг деярли ҳамма соҳалари бўйича инновацион технологияларни жорий этиш борасида дунё эътирофидаги мамлакат ҳисобланади.

Голландия қишлоқ хўжалиги 4 та инновацион устунга таянади: 1) механизация; 2) ихтисослашув; 3) интенсификация (унумдорликни ошириш, самарали қилиш) ва 4) компьютерлаштириш.

Голландия чорвадорлари ҳар бир сигирнинг авлоди ҳақида маълумотга эга. Ҳар бир подадаги моллар бошма-бош санаб чиқилиши ва наслчилик китобига ёзиб, компьютерга тушириш йўлга қўйилган.  Компь­ютер орқали мамлакат ҳудудидаги исталган сигир ёки буқа ҳақида бир неча сониялар ичида тўла ахборот олиши мумкин.
Мамлакат бўйича бир гектар яйлов ҳисобига 9,5 минг литр сут олинади, бу кўрсаткич дунёнинг ҳеч бир давлатида қайд этилмаган. Сутининг миқдори бир йилда 5600 литрдан камайиб кетса, сигирлар гўштга топширилади.

Ҳар бир фермада 3 кунлик соғилган сутни сақлайдиган ҳажмда музлаткичлар мавжуд. Соғилган сут мамлакат ичкарисида фойдаланилса, уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар асосан экспорт қилинади. Яна бир муҳим масала шундаки, бузоқлар учун ажратилган сутга тегиш ёки уни қайта ишлаш қатъиян тақиқланади.

Паррандачилик йўналишида мамлакатда 90 миллиондан ортиқ товуқ боқилади. Паррандачилик фермасида бир кунда товуқнинг вазни ўртача 64 граммга ўсади. 1 килограмм парранда гўшти олиш учун 2,3 озуқа бирлиги сарфланади. Бройлер фермаларида бу кўрсаткич яна ҳам кам – 1,99 озуқа бирлигини ташкил қилади.

Голландияда мева-сабзавотчилик, иссиқхоналар соҳаси йирик механизациялашган ва рентабелли соҳалардан бири ҳисобланади.

Иссиқхоналарда сув, ўғит ва зараркунандаларга қарши курашиш моддаларини етказиб бериш, микро­элементлар, йилнинг барча фаслида бир хил ҳарорат ва намликни яратиб бериш – буларнинг ҳаммаси автоматлаштирилган.

Бу мамлакат шампиньон замбуруғлари етиштириш бўйича ҳам дунёда етакчи давлат ҳисобланади. Ҳар йили етиштирилган ҳосилнинг 80 фоизи экспортга чиқарилади. Иссиқхоналарда механизация ўта ривожланганлиги туфайли бир йилда 6 мартагача замбуруғ экилиб, ҳосили териб олинади.

Иссиқхоналарда сабзавотлар кўчати етказиб бериш саноат асосида намуна бўладиган даражада йўлга қўйилган. Етиштирилган кўчатларнинг аксарияти Европанинг деярли барча мамлакатларига экспорт қилинади.

Бу юртни “гуллар мамлакати” ҳам дейишади. Еттита гулчилик илмий-тадқиқот маркази ва минглаб боғбонлар гулларнинг янги навларини етиштирмоқда. Ҳар йили мамлакат бўйича атиргулнинг юздан ортиқ нави рўйхатга олинади. Очиқ тупроқдаги гулчилик умумий гулчиликнинг 10 фоизини ташкил қилади.Дунё гул савдосининг 60 фоизи Голландия улушидир. Бу соҳада ҳам у биринчи ўринда туради.

Голландияда тадбиркорликни ривожланиш стратегиясининг асосий йўналишларидан яна бири бу ахоли Тадбиркорлик фалсафасини эрта ўрганишидир.

Голландияда мамлакат аҳолиси жон бошига ҳисоблаганда тадбиркорларнинг фоизи дунёда энг юқори даражада. Тадбиркорлик билими ва фалсафаси ёшликдан – боғча, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртидан сингдирилиб, шакллантириб борилади.

Уйда ва мактабда голландлар ўз болаларини креатив асосда, амалдаги стандартларга тўғри келмайдиган ноанъанавий инновацион ғоялар билан фикрлашга даъват қилиб тарбиялайдилар.

Дунё­нинг юзта энг илғор олий таълим муассасаси қаторига 3 та Голландия университети, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасига кадрлар тайёрлаб берувчи Вагенинген университети ҳам киради.

Голландияда инновация жадал ривожланиб кетишининг сабаб­ларидан яна бири ўта ривожланган инфраструктура яратилганлигидир. Бу соҳада ҳам Голландия дунёда биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Худди шу каби мисолни Исроил давлати мисолида хам келтиришимиз мумкин.

Жорий йилнинг 20 август куни Мухтарам Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказган учрашувларида хам мамлакатда “тадбиркорликни жадал ва янада кенг ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш – энг муҳим вазифамиздир” дея янабир бор таъкидлаб,  шу ўринда еттита устувор вазифаларни белгилаб бердилар.

Хусусан;

Биринчи йўналиш.  Келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ бўлиб ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган. Шу боисдан бизнесни молиялаштириш, молия-коедит сохасини янада такомиллаштириш.

Иккинчи йўналиш – солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш.

Учинчи йўналиш. Тадбиркорларни энг кўп қийнаётган муаммолардан яна бири – ер ажратиш масаласи бўйича 4 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган.

Жорий йилда ушбу йўналишда катта ислоҳотларни бошланганлиги, бу борада Олий Мажлис палаталари томонидан маъқулланган қонун имзоланганлиги, бу ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатнинг янги тарихида ислоҳотлар йўлидаги энг катта қадамлардан бири бўлши таъкидланди.

Тўртинчи йўналиш. Бизнес учун зарур бўлган инфратузилма муаммоларини 3 мингга яқин тадбиркорлар кўтарган. Инфратузилмани ривожлантириш долзарб масалалардан бири этиб белгиланди.

Бешинчи йўналиш. Экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни экспорт фаолиятига кенг жалб этиш борасида ҳам бошлаган ислоҳотларимиз қатъий давом эттириш.

Олтинчи йўналиш. Маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши, янги бозорларга чиқиши, умуман, ҳудудлараро савдо ва кооперация алоқаларини боғлашда транспорт-логистика тизимини янада ривожлантиришни изчил давом эттириш.

Еттинчи йўналиш. Тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, хусусий мулк дахлсизлиги борасидаги сиёсатни қатъий давом эттиш масалалари энг долзарб йўналишлар этиб белгиланди.

Бундан ташқари президент 20 август санасини мамлакатда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиб, уни ҳар йили кенг нишонлашни таклиф этди. Ушбу таклифнинг ўзи мамлакатда Президент ва хукумат томонидан тадбиркорликка берилаётган эътиборнинг яққол намунасидир.

Шу ўринда Президентнинг учрашувдаги сўзларидан айримларини келтириб ўтмоқчимиз.

***

Такрор ва такрор айтаман, ишнинг кўзини биладиган, одамларга меҳнат қилиш ва даромад топиш учун шароит яратадиган, ватанпарвар ҳамда фидойи тадбиркорларни биз доимо бошимизга кўтарамиз.

Президентнинг талаби ва бошлаган ислоҳотларимизнинг асл маъно-мазмуни ҳам айнан шундан иборат.

Барчамиз анашу талаб асосида ишласак, меҳнат қилсак, албатта мамлакатда тадбиркорлик ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.

***    

Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз.

***

Бир нарсани барчамиз аниқ тушуниб олишимиз лозим. Тадбиркорларнинг ушбу мурожаатлари – амалдаги ислоҳотларимиз кўзгусидир.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича президент ва хукумат томонидан барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Тадбиркорликка илк қадам қўяётган ёшларга, яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланиш, хуқуқ ва мажбуриятларини ўргатиш ривожланган чет-эл мамлакатлари андозасидан келиб чиқиб тадбиркорлик билим ва фалсафасини ёшликдан – боғча, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртидан сингдириб, шакллантириб боришни йўлга қўйишимиз лозим.

Бозор иқтисодиёти шароитида солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига аҳоли даромадларини ошириш, фаровонлигини таъминлаш барчамиз учун долзарб вазифа бўлиши керак.