Бугун Тошкент шаҳрида биринчи марта Осиё қиличбозлик конфедерациясининг Бош Ассамблеяси ўтказилди.

Кун тартибидаги асосий масала ташкилотнинг янги Олимпиада цикли учун раҳбариятини қайта сайлаш бўлди. Унга кўра, БАА қиличбозлик федерацияси президенти Шайх Салим Султон Ал Қосими Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти этиб сайланди. Ўзбекистонлик Рустам Шоабдураҳмонов эса вице-президент этиб сайланди.

Рустам Шоабдураҳмоновдан ташқари Осиё қиличбозлик конфедерацияси аъзолигига яна бир неча Ўзбекистонлик бўлган мутахассислар киритилди.

Москва-1980 Олимпиадаси совриндори Собир Рўзиев ушбу конфедерация оиласи вакилига айланган бўлса, Токио-2020 Олимпия ўйинларида ишлаган ҳакам Аида Ҳасанова Конфедерациянинг ҳакамлар, Ортиқ Бўриев эса техник комиссия аъзолигига қабул қилинди.

Бош Ассамблея давомида кун тартибига мувофиқ Конфедерациянинг бошқа лавозимлари, жумладан, ажратилган бошқа ўринлар учун вице-президентлар, Бош котиб сайланиб, Ижроия қўмитасининг таркиби шакллантириб олинди.

Маълумот учун, Рустам Шоабдураҳмонов, шунингдек, Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти ҳисобланади.