Олий таълимдан кейинги таълим институтларининг барча шаклларига талабгорларнинг ҳужжат топшириши учун муддат 20 октябрга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз расмий саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сонли ва 2020 йил 6 ноябрдаги 696-сонли қарорларга мувофиқ ягона электрон тизими орқали олий таълимдан кейинги таълим институтларининг барча шаклларига талабгорлар томонидан ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Шунга биноан, ҳужжатларни 15 сентябрдан 15 октябрга қадар қабул қилиш белгиланган.

Хабарга кўра, 2022 йил учун олий таълимдан кейинги таълим институтларида давлат бюджети маблағлари ҳисобига ўқитиш учун қабул квоталари 2 бараварга ошганлиги, квоталар тасдиқланиши кечикканлиги боис олий таълимдан кейинги таълим институтларига ҳужжатлар топшириш муддати жорий йилнинг 20 октябрига қадар узайтирилган.