Марғилондаги кўп квартирали уйларнинг иссиқлик таъминоти тизими замонавий тежамкор технологиялар асосида модернизация қилинмоқда: ўта совуқ об-ҳаво таъсирида ҳам етарли босим ва ҳарорат таъминланади. Бу ҳақида вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Бугунги кунда Марғилон шаҳридаги 5711та кўп квартирали уйларнинг иссиқлик таъминоти тизими тўлиқ хатловдан ўтказилиб, иссиқлик таъминоти мавжуд бўлмаган хонадонларга фоизсиз ссуда бериш орқали ички иссиқлик тизимини қуриш, шаҳардаги иссиқлик таъминоти тизими тўлиқ янгилаш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Бу ерда жаҳон тажрибаси асосида инновацион технологиялар қўлланиляпти. Бош мақсад замонавий тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш асосида ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишга қаратилган.

Ушбу технологиянинг афзаллиги ҳар қандай ўта совуқ об-ҳаво таъсирида ҳам энергия йўқотишларсиз, кўп квартирали уйларга ва ижтимоий соҳа объектларига етарли босим ва ҳароратда иссиқлик узатилади.

Ўтказилган таҳлиллар натижасида, Марғилон шаҳридаги 130 та кўп қаватли уйларнинг 1 йил давомидаги энергия сарфи 33,8 млн.м3 табиий газ, 44,9 млн.кВт электр энергиясини ташкил этмоқда.

Лойиҳа тўла қувватда ишга туширилганидан сўнг ушбу кўрсатгичлар 18,4 млн.м3 табиий газ, 15,4 млн.кВт электр энергиясини ташкил этиб, 15,4 млн.м3 табиий газ, 29,5 млн.кВт электр энергияси иқтисод қилинишига ҳамда қарийб 14,5 млрд.сўм маблағлар тежаб қолинишига эришилади.