Муаллиф: М.А

“Шайна” жиноий тўдасини қўлга олган Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинган. Прокуратуранинг собиқ ходими Фарҳод Шайманов 2008 йилда Қашқадарёда йирик жиноий гуруҳни Миллий хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида қўлга олади. У ўшанда вилоят прокурори биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Шайманов қўлга олган жиноий гуруҳ Ўзбекистон табиий ресурсини йиллар давомида талон-торож қилиб келган. “Шайна” жиноий тўдаси “Шўртан газ” заводи ер ости қувурларидан конденсат ўғирлаб жўнатган. “EFFECT.UZ” ахборот агентлиги мазкур иш юзасидан ўз журналистик суриштирувларини олиб борди.

Шайманов Фарҳод Самадович ўзи ким?

Шайманов Фарҳод Самадович Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ўқитувчилар оиласида туғилган.

1984 йили раҳбарият топшириғи билан прокуратура тизимига кириб келган. Нишон туманида ишлаганидан бир йил ўтиб, Қашқадарё вилоят прокуратурасида судлар устидан назорат қилиш бўлим прокурори бўлиб ишлаб келган.

1989 йил Республика бош прокуратурасига ишга олинган. 32 ёшида Қашқадарё вилояти Китоб тумани прокурори лавозимига тайинланган.

2000 йил Қашқадарё вилоят прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинлашган. Кейинчалик Жиззах вилояти прокурори ўринбосари этиб тайинланган. Шунингдек, Тошкент вилояти биринчи ўринбосари лавозимида ҳам хизмат қилган. У ерда асосан, тергов бошқармаси бошлиғи вазифасини ўтаган.

Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғи ва унга бўлган адолатсизликлар ҳақида…

Шайманов Фарҳод Самадович Тошкент вилояти прокурори вазифасини бажариб турган вақтда Президент девонига чақирилади.

Унинг номзоди собиқ бош прокурор Рашид Қодиров томонидан Қашқадарё вилоятининг бир туманига ҳоким сифатида кўрсатилгани маълум қилинади.

Кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси Умар Сафоевич Исмоилов қўлида давлат маслаҳатчилари розилик имзоларини қўйиб берилган ҳужжатни кўрсатиб, Президент қабулига кириши кераклигини айтади.

Умар Сафоевич Шайманов Фарҳод Самадович учун тайёрланган ҳужжатларни кўриб чиқиб бош вазир қабулига олиб кирган. Ўша пайтдаги ҳукумат раҳбари Шавкат Мирзиёев эса Шаймановга прокуратура фаолиятида қолишига имкон яратиб берган.

Бундан хабар топган собиқ бош прокурор Рашид Қодиров Фарҳод Самадовични Қашқадарё вилоят прокурорининг биринчи ўринбосарлигидан яъни марказдан четлатиш учун юборув ёзган. Лекин собиқ прокурор уни Қашқадарёга юбориш билан чекланган эмас.

Шунингдек, иш фаолиятини олиб бораётган Самадовичнинг фаолиятидан 5-6 ой ўтмасидан (Қашқадарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб турганида) собиқ бош вазир имзоси билан Қашқадарё давлат хавфсизлик идорасига ва прокуратурага махсус топшириқ келиб тушган.

Топшириқда айтилишича, вазирликка Қашқадарёдаги “Шўртан газ” мажмуасига қарашли ҳудудларда давлат ер бойликлари ҳисобланган газ ва конденсатнинг талон-торож қилиниш ҳолатлари ҳақида маълумотлар тушган.

Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан тезкор тадбир ўтказилиб, кўрилган чоралар бўйича 1 ой ичида ахборот берилиши сўралган. Бу иш юзасидан Қашқадарё вилояти Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Ахмедович Морозов билан ҳамкорликда режа тузилган ДХХ, прокуратура, Ички ишлардан ҳам ходимлар ажратилган. Қисқа муддатда яхши натижага эришилиб, ярим тунда 240 тонна биринчи 4 та Камазда 10 тоннали цистерна ўрнатилган 24 камаз газ конденсат ортилган юклар пинҳона ўғирлик билан “Шўртан газ”дан олиб чиқиб кетилиб Сурхандарё-Афғонистон йўналишида ҳаракатланаётган жиноий гуруҳни тадбир иштирокчилари қўлга олган.

Ҳужжат талаб қилинганда тақдим қила олмасдан ўта пухта тайёрланган гуруҳлар тўрт нафар орган ходимини қўл-оёқларини пресс темир сим билан суякларигача қадаб қаттиқ боғлаб, уларнинг этларини кесиб, бу етмаганидек оғзиларига латта тиқишиб 10 метр чуқурликдаги жарликка улоқтиришган. Бу ҳолат бўйича тонг саҳарда туман прокурори Самадовичга ахборот берган. Шундан кейин, Фарҳод Шайманов ДХХ раиси билан биргаликда жиноий иш қўзғатириб, тергов ҳаракатларини олиб боришни бошлаган.

Жиноий ишни ёпиш учун қилинган тазйиқлар ҳақида…

Биринчи куни қаттиқ ҳаракат қилган орган ходимлари иккинчи кундан қўрқишни бошлашади. Сабаби ўрганилса, ҳаммага турли-туман босимлар бўла бошлаган.

Бу ишни Шайманов Фарҳод Самадович Қашқадарё вилоят тергов бўлими бошлиғи Шавкат Файзиев зиммасига юклаган.

Ушбу жиноий гуруҳ ходимларга тазйиқлар қилиб жиноий ишни ёпишни талаб қилади. “Хизмат машиналарингизни портлатиб юборамиз, оилангизга тазйиқ қиламиз!”, деган таҳдидлар қилинган.

Уларнинг бошида ким тургани аниқланиб, 7 кишини бир кунда қамоққа олиш учун санкция берилган.

Шундан сўнг, уюшган тўдада ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган эркак Шаймановга: “Биз ҳар ой Қашқадарё вилоят прокурори ўринбосари ва Акмал Саидовга 30-40 минг доллар ‘доля' бериб келамиз сен мени нега қўлга олдинг?”, – деб савол берган.

Улар қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари бошланган. Лекин жиноий тўда шунчалар кучли эканки, уларнинг терговни бекор қилиб жиноий ишни ёпиш тўғрисидаги гапи вилоят прокурори орқали Шаймановга етиб келган.

Прокурор тергов бўлими бошлиғига ушбу талабларни (ишни ёпиш) қўя бошлаган. Бундан ташқари, уни ўз лавозимидан четлатиш бўйича буйруқ чиқарган.

Тергов бўлими бошлиғи ушбу иш орқасида вилоят прокуратурасидан айрим ходимлар ҳатто ДХХдан баъзилари турганини Шайманов Фарҳод Самадовичга маълум қилган. Шунингдек, унга нисбатан провакация уюштирилиши мумкинлигини айтган.

Шайманов Фарҳод Самадович эса вилоят прокурорига кириб нега хато қилмаган тергов бўлими бошлиғини бўшатганини сўраган. Вилоят прокурори унга кадрлар масаласига аралашмаслигини айтган. Хусусан, ишга бевосита алоқаси борлиги аниқланган вилоят прокурорининг 2-ўринбосарига мазкур вазифа топширилишидан мақсад нима эканини сўраганида вилоят прокурори уни ўз хонасидан чиқариб юборган.

Шаймановга нисбатан қилинган ўйинлар…

ФОТО: EFFECT.UZ

“Ушбу воқеадан 3-4 кун ўтар-ўтмас Президент маслаҳатчиси Анвар Набиев мени ўз қабулига чақирди. У Президент номидан ва шахсан идора номидан менга миннатдорчилик билдириб, собиқ бош прокурор Рашид Қодировга учрашимни айтди. Собиқ бош прокурор боришим билан менга ‘Нега ‘Конденцат' ишига аралашдинг!?', деб сўроққа тутди. ‘Мазкур ишни олиб боришдан четлатиласан!' “, дея, ўша пайтда эгаллаб турган биринчи ўринбосар лавозимимдан ҳеч бир сабабсиз бўшаш тўғрисида ариза ёзишимни сўради”, – дейди Шайманов.

Шундан сўнг, Бош прокурор Рашид Қодировнинг ташаббуси билан Фарход Шайманов Қашқадарё вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимидан олиниб, Сурхондарё вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилган.

Сурхондарёдаги фаолияти давомида ДХХ унинг ишларига аралашиш ҳолатлари учраган. Кейин унинг яқин танишлари унга Россия давлатига 1 йил чиқиб кетиши кераклигини айтиб огоҳлантириш беришган. Сабаби “Конденцат” ўғрилари катта пул тўплаб Тошкентга юборишганини, унинг ишдан кетиши аниқ бўлганини айтишган.

Шундан сўнг, Фарход Шайманов собиқ бош прокурорга кириб унга нисбатан провакация қилинаётганини, пул тўплаб уни йўқ қилиб юбормоқчиликларини айтиб “рапорт” топширади. Собиқ бош прокурор уни ҳимоя қилмаслигини, ўзини-ўзи ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлаб, қабулидан чиқариб юборади. Кейинчалик Рашид Қодиров уни яна ўз ҳузурига чақириб, ” ‘Конденцатʼ ишига нега аралашасан, аризангни ёз!” деб туриб олган.

“Сурхондарёда ариза ёзадиган бирор иш қилган эмасман. Куни кеча рағбатлантирилдим. Қашқадарёдан кетганимга 2 йилдан ошди. Шундан кейин, бирор ишга аралашмадим дейишимга қарамасдан мендан ариза ёзишимни талаб қилди. Бундай адолатсиз муҳитда ишламаслигимни айтиб хонадан чиқиб кетдим.

Бироқ, чиқишим билан ‘Инсульт'га учраб ерга йиқилдим. Собиқ бош прокурорнинг менга қилган муомаласи туфайли бирорта ходим ‘Аҳволинг қандай?', деб сўрашга жазм этмади. Аксинча, тезроқ ишга чиқишимни сўрай бошлашди. Уйимдан мени излаб тинтувлар қилинди. Касалхонада яшириниб, ётишга мажбур бўлдим. Ариза ёзишимни сўраб менга қўнғироқ қилишди.

Лекин мен Тошкент вилоятига ишга ўтказишларини сўраб ариза эмас билдирги ёздим. Кейин Зангиота туман прокуратурасига ишга ўтказишди. Ўша ерда ишлаб юрганимда милиция постининг олдида туман прокурорининг деразаси қаршисида менга қарши муқаддам 3 маротаба судланган шахсни ёллашди. У милиция пости яқинидан югуриб келиб чўнтагимга ‘пора' тиқмоқчи бўлганида пулларини отиб юбордим, бурнимга берган зарбасидан бурним қон бўлиб кетди. Чақирилган қўшимча куч мени машинага киргизар экан, ўша пулларни менга тиқиштиришга уринишди.

Одам тўпланганини кўриб, бу ишларни бас қилиб Тошкент вилояти прокуратураси тергов бўлимига олиб бориб менга қарши баённома расмийлаштириб қўйилди. Ишни бўйинимга олмасам қийнашларини айтишди”, – дейди собиқ прокуратура ходими.

Шайманов Фарход Самадовичга қарши Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2008 йил 22 августдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 210 моддаси 2-қисми “В” банди билан айбли деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. 2019 йилда озодликка чиқарилади.

Шундан кейин, у ўзи ва оиласига етказилган ноҳақ руҳий зарбалар ҳамда адолатсиз қамоқ жазоси устидан Президентга аризалар киритиб келади. Бироқ, унинг бирор мурожаати ўз ерига ҳозиргача етиб бормаганини айтди.

“EFFECT.UZ” таҳририяти тегишли мутасаддилардан мазкур собиқ орган ходимининг мурожаатлари жавобсиз қолдирилмаслигини сўраб қолади.