ЖССТ безгакка (малярия) қарши дунёдаги биринчи вакцинанинг оммавий қўлланишини маъқуллади.

Mosquirix савдо бренди остида тарқатиладиган вакцина синовларининг сўнгги босқичи 2019 йилдан буён давом этаётганди, синовларга Гана, Кения ва Малавида яшовчи 800 мингдан ортиқ бола жалб қилинган.

Вакцина 39 фоиз ҳолларда инфекциянинг олдини олган ва 29 фоиз ҳолларда касалликнинг оғирлашиш эҳтимолини камайтирган. Аммо безгакка қарши дорилар билан биргаликда вакцинанинг жиддий касаллик ва ўлимга қарши самарадорлиги 70 фоизгача кўтарилган.

Африкада 2019 йилда 386 минг аҳоли безгак қурбонига айланганди. Таққослаш учун: Африкада пандемия бошланганидан буён 212 минг киши коронавирусдан вафот этган.

Безгакка қарши вакцинани яратиш устида 30 йилдан кўпроқ вақт давомида иш олиб борилмоқда.

Маълумот учун, безгак одамларга чивин чақиши орқали юқадиган юқумли касаллик. У ўзи билан иситма, титроқ, жигар ва талоқ шишишини олиб келади.