Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарликни кучайтирилиши тўғрисидаги қонун юзасидан АОКАда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди.

Маълумки, 2021 йил 4 октябрь куни Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи Қонун қабул қилинган эди.

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун белгиланган жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Яъни бундай ҳаракатларни содир этган шахслар:

БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима (илгари фақат 50 бараваригача);

  • 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 1 йилгача);
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди (илгари 1 йилгача).

Ушбу Қонун қабул қилингач ижтимоий тармоқлар орқали турли хил фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, кенг муҳокамалар келиб чиқмоқда.

Адлия вазирлиги матбуот котиби Қонун қабул қилинишига ва жавобгарлик чораларини кўчайтирилишига нима сабаб бўлгани ҳақида изоҳ берди.

«Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XI боби “Фуқароларнинг бурчлари” деб номланади ва унга кўра Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, халқнинг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб авайлаши, атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши, шунингдек, солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаши ва Ўзбекистонни ҳимоя қилиши лозимдир».

Маълум қилинишича, сўнги йилларда ҳокимият вакилига нисбатан фаол қаршилик кўрсатиш жиноятларининг сони ошган, жумладан:

  • 2019 йилда — 243 та,
  • 2020 йилда — 251 тани ташкил этмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тажовуз кайфияти ҳам ортиб, 2018 йилдаги 24,1 минг ҳолат содир этилган бўлса, 2020 йилда 39 минг ҳолатни ташкил қилмоқда.

Аввалроқ, мазкур Қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабар берган эдик.