Сирдарё вилоятида пора билан қўлга тушган Гулистон тумани ҳокими ўринбосарига нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақида «Сирдарё хабарлари» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро М.Холбеков Сирдарё вилояти ҳудудий «Чорванасл» маркази Гулистон тумани етакчи мутахассиси лавозимида ишлаб келиб, бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, фуқаро М.Каримованинг ишончига кириб, Гулистон тумани ҳокими ўринбосари Б.Салиметовга 400 АҚШ доллари миқдорида пора бериш эвазига, Гулистон тумани, «Юлдуз» массивида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиши учун рўйхатга қўйиб, ёрдам кўрсатиш ҳақида алдаб, Гулистон тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими маъмурий биносида фуқаро М.Каримовадан 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: «Сирдарё хабарлари»

Шундан сўнг, М.Холбековнинг аризасига асосан шу куни тезкор тадбир давом эттирилиб, Гулистон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Б.Салиметов фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро М.Каримовани Гулистон тумани, «Юлдуз» массивида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиши учун рўйхатга қўйиб, ёрдам бериш эвазига олдиндан талаб қилган 400 АҚШ долларини М.Холбековдан Гулистон шаҳри, «Ўзбекистон» шоҳ кўчаси, Сирдарё вилояти Товар хом-ашё биржаси биноси яқинида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд, мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Б.Салиметовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида – 73.500.000 сўм жарима жазосини;

Шунингдек, М.Холбековга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 2-қисми «б» банди, 28,211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45, 59, 61-моддалари тартибида 2 йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 2 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлади.