Бош прокуратура ташаббуси билан 7-8 октябрь кунлари Тошкент вилоятининг Қибрай туманида “Уч авлод учрашуви” кўтаринки руҳда ўтказилди.

Дастлаб, “Янги Ўзбекистон боғи”га узоқ йиллар давомида прокуратура органларида меҳнат қилган фахрийлар, турли хил дин намоёндалари, юрт равнақи, тинчлиги, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кекса, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар ташриф буюрди.

Қибрайлик нуроний отахону-онахонлар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёшлар карнай сурнай наволари остида қарши олинди. Боғ ўзгача гўзалликка бурканган. Бу ерда “Янги Ўзбекистон” мажмуасининг ғоявий ва меъморий ечимлари, ватанимизнинг шонли тарихи, хусусида фикр алмашилди.

Уч авлод вакилларига мажмуадаги буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, ватан учун жасорат кўрсатган боболаримизнинг ҳаёти хусусида маълумот берилди.

Мулоқотларда ёши улуғ отахон ва онахонлар, мустақиллик учун курашган инсонлар ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдиришди.

Тадбир доирасида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Қибрай туманидаги кўзи ожизлар кутубхонасига ташриф буюриб, бу ерда ёш китобхонлар билан мулоқот қилди.

Ушбу кутубхона маҳаллий ёшларнинг севимли масканига айланган. Бу ерда 3.000га яқин бадиий адабиётлар, 200га яқин брайил ёзувидаги китоблар мавжуд. Ёшлар билан кечган суҳбат чоғида, шижоатга тўлган ёшлар китобга меҳр берганлиги, келажакдаги орзуларини баён қилиб, севимли шоирларининг шеърларидан парчалар ўқиб берди.

Бош прокурор кутубхонада ёшларга эсдалик совғаларини тақдим қилиб, кутубхона фонди учун бадиий адабиётлар тўпламларини туҳфа қилди.

Учрашувлардаги мулоқотлар, туман марказидаги “Биллур” тўйхонасига кўчди.

Тадбирда Тошкент вилоятидаги давлат ва жамоат арбоблари, турли тармоқларда меҳнат қилаётган турфа миллат вакиллари, ўз соҳасида катта ютуқларга эришган ёшлар бир сафда жамланди. Учрашувда кириш сўзини Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев очди.

У ўз сўзида, нуронийларимизнинг бой тажрибаси, ўрта авлод вакилларининг ирода ва меҳнати, ёш авлоднинг шижоат ва ғайрати биргаликда катта куч бўлиши, уч авлоднинг мамлакатимиз тараққиёти, бугунги истиқболида ўрнини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, халқимизнинг ёруғ келажаги айнан авлодлар мулоқоти ва ҳамкорлигига ҳам чамбарчас  боғлиқ эканлигига эътибор қаратди.

Уч авлод бир дастурхон атрофида ўтириб, бир-бирлари билан фикр алмашишди. Ёш авлод кексалардан тажриба ўрганса, кексалар ёшлардан мотивация олишди. Тадбир санъат усталарининг катта гала концерти билан давом этди. Гўзал рақслар, ўйин-кулгиларда энг азиз айём шукуҳи намоён бўлди.

Тадбир меҳмонлари байрамона дастурхон қаршисида хушовоз хонандаларнинг чиқишларни томоша қилишди. Эл ардоғидаги санъаткорлар томонидан Ватанни тараннум этувчи дилтортар куй-қўшиқлар янграб, барчани рақсга чорлади.

Албатта, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларни маънан етук бўлиб улғайишига, ватанпарварлик туйғуларини янада чуқур сингдиришга, уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳаёт мактаби билан яқиндан танишишга хизмат қилади.

Ўтказилган тадбирларда ёшларга хос куч-ғайрат, ўрта ва кекса авлод вакилларининг бой ҳаёт мактаби бирлашди. Шу аснода хулосалар қилиниб, иштирокчилар ўзларининг ҳаётий тажрибаси ва касбий фаолиятида орттирган тажрибалари борасидаги қимматли мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Тадбир давомида эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган уч авлод вакилларидан бир гуруҳига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари топширилди.

Бир сўз билан айтганда байрам кечасида барча учун янги марралар белгилаб олинди, Янги Ўзбекистон учун янги ташаббуслар, ғоялар илгари сурилди. Улар эса шубҳасиз реал ҳаётий натижаларга айланиб, юртимиз тараққиётни янада баланд чўққиларга олиб чиқишга хизмат қилади.