Андижон ва Наманган вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон тумани бўлимлари хабар берди.

Маълум бўлишича, ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар Р.А. ва Ш.З. Андижон тумани саноат ҳудудида жойлашган 20 сотих ер майдонини фуқарога ўзларига тегишли эканлигини айтиб, ушбу ер майдонини 5 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 1 900 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Департаментнинг Янги Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар М.Х. ва З.А.лар фуқарога 4 сотих ер майдонига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи қарорни 4 000 АҚШ доллари эвазига танишлари орқали чиқартириб беришни ваъда қилишиб, шундан 1 800 АҚШ доллари ва 12,9 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур иш бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда  тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Ангрен шаҳрида МЧЖ маблағларини талон-торож қилган собиқ раҳбар фош этилганиги ҳақида хабар берган эдик.