Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёда сайловчилар билан учрашув ўтказаётганлигидан хабарингиз бор. Давлат раҳбари вилоятдаги электр таъминоти, йўл масалаларига алоҳида тўхталди. Шунингдек, Сурхондарёга ҳар йили оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 1 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари ажратилиши маълум қилинди. Яна бир қанча имтиёзлар бериш хусусида гапирди:

“Келгуси беш йилда 5,5 минг километр паст ва юқори кучланишли тармоқлар, 1,5 мингта трансформатор янгидан қурилади ва таъмирланади.  Бунинг ҳисобига 264 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари ҳамда 6 мингдан зиёд ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектларининг электр таъминоти барқарорлашади. Термиз туманидан Термиз шаҳрига қўшилган маҳаллаларни боғлаш учун йирик йўл ўтказгич барпо этилади. Келгуси беш йилда 6 минг километр автомобиль йўллари ва кўчалар, 300 та кўприкни қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилади. Бунга 2 триллион сўм йўналтирилади.  “Дарбанд-Денов”, “Тошкент-Термиз” ва “Душанбе-Термиз” йўналиши бўйича 180 километр автомобиль йўлларини реконструкция қилишга халқаро молиявий институтларининг маблағларидан 380 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

“Яхши яшайман” деган одамнинг ё билими бўлиши керак ёки ҳунари бўлиши керак, жуда бўлмаганда ерга меҳр қўйиши керак. Kелгуси беш йилда Сурхондарё вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 50 триллион сўм ажратилади. Cурхондарёда 2018 йилда ташкил қилинган Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали алоҳида мустақил институт сифатида фаолияти йўлга қўйилади. 1 000 ўринли ўқув биноси ва кўп тармоқли клиника барпо этилади. Мактаб филиали деган нарса менга ёқмайди. Бу эскилик сарқитидан бутунлай воз кечиб, 5 йилда вилоятда 96 минг қўшимча ўқувчи ўрни яратилади. Бунинг учун 21 та янги мактаб ва 358 та мактабларда янги бинолар қурилади, 116 та мактаб мукаммал таъмирланади!” – деди Шавкат Мирзиёев.