Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг ишончли вакили сифатида шуни айта олманки, партиядошимизнинг сайловолди дастури мамлакатимизда ижтимоий тенглик, халқ демократияси мезонларига мос бўлган давлат ва жамият барпо этишга қаратилганлиги билан ҳар жиҳатдан аҳамиятлидир.

Номзоднинг вилоят бўйича ишончли вакили сифатида сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда, дастурда юртимиз тараққиёти йўлида у ёки бу даражада келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар акс эттирилгани учун ҳам кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётганлигининг гувоҳи бўляпман.

Дастурда аввало партиянинг асосий йўналиши, ғоясидан келиб чиқиб жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра: ҳар бир оила ўзининг бирламчи барча ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга етадиган даромад манбаига эга бўлмоқ керак, дейилади.

Дастурда илгари сурилган эътиборга молик ташаббуслардан яна бири шундаки, номзоднинг таълим йўналишидаги таклифлари ҳаётий ҳақиқатларга асослангани, тизимдаги бир қатор масалаларга жавоб берилгани билан ажралиб туради. Чунки, таълим бу – асос, кейинги босқичдаги ҳар қандай ишларга таълим пойдевор бўлиб ҳисобланади. Бунинг учун ўқитувчига эътибор, рағбат керак. Шу боисдан, дастурда ўқитувчининг жамиятдаги обрўси, нуфузи ҳамда ойлик иш ҳақини оширилиши таълим соҳасида устувор вазифа сифатида белгиланган.

Яна бир масала шундаки, бугунги кунда бутун юртимиз бўйлаб уй-жойлар қурилиши ҳажми ошган бўлсада, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қамраб олгани йўқ. Номзод дастурида оғир ижтимоий ахволдаги оилаларни ижтимоий турар-жойлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бундай уй-жойлар учун имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини такомиллаштириш таклифи илгари сурилган.

Номзод томонидан ижтимоий барқарорликка эришиш тенглик ва адолат ишсизларга иш ўринлари, бепул таълим, бепул соғлиқни сақлаш, иқтисодий ресурсларни ишга солиш камбағалликка барҳам бериш борасида жуда ўринли масалалар кўтарилган. Шунинг учун ҳам дастурни ҳаётий ва халқчил десак, асло муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясида шундай халқчил дастури билан иштирок этаётган Мақсуда Ворисова сайловчиларнинг ишончини қозонишига, қўллаб-қувватлашига ишонч билдирамиз.

 

Илҳом АТАБАЕВ,

Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили, Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси.