Гулистон туманидаги 27-мактабнинг информатика синф хонаси замонавий компьютер жиҳозлари ва ўқув мебеллари билан таъминланиб, фойдаланишга топширилди

Бугун 8 октабр куни Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги 27-сонли “Кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактаб”ининг информатика синф хонаси замонавий компьютер жиҳозлари ва ўқув мебеллари билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан таъминланиб, фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятда ахборот технологияларининг ўқитилишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, меҳнат бозорининг малакали IT-мутахассисларга бўлган талабини қондириш йўналишларида бир қатор вазифалар амалга оширилди. Республикада биринчилардан бўлиб, 190та мактабгача таълим ва 315та Халқ таълими объектларига тўлиқ оптик толали алоқа линиялари ташкил этилди ва юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиш имконияти билан таъминланди.

Гулистон шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки – IT Паркнинг филиали ташкил этилиб, технопаркда маҳаллий ёшлар, тадбиркорлар, янги ҳунар ўрганиш истагида бўлган фуқаролар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Бу ерда 15дан ортиқ ахборот технологиялари соҳасида хизмат кўрсатадиган корхоналарни жойлаштириш билан 100дан ортиқ иш ўринлари яратилди.

Гулистон шаҳридаги 1-сонли хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб интернати негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаби ташкил этилди. Мазкур мактабда 2020-2021 ўқув йили учун 33 нафар, 2021-2022 ўқув йили учун 61 нафар ўқувчи 7-синфга қабул қилиниб, жами 94 нафар ўқувчилар таълим олмоқда.

2021 йилда 5та, 2022 йилда 3та ва 2023-йилда 2та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиши кўзда тутилган.

Аҳолининг рақамли технологияларда ишлаш кўникмаларини ошириш мақсадида Республикада биринчилардан бўлиб, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида жами 11та рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилиб, 24та ўқитувчи-тренерлар фаолият олиб боришмоқда. Ушбу марказларда компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, веб ва мобил иловалар яратиш ва бошқа йўналишлар бўйича 2019-2020 йилларда 1319 нафар, 2021 йилда 1 458 нафар жами 2 777 нафар тингловчи жалб қилиниб, 1 770 нафари тамомлаган.

Шу билан бирга, Сирдарё вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида жами 100дан ортиқ турли тадбирлар ўтказилиб, ушбу тадбирларга 5000дан ортиқ ёшлар жалб қилинди ва IT соҳасида яратилаётган шарт-шароитлар билан таништирилди.