Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Экологик партиядан номзод Нарзулло Обломуродов бугун, 8 октябрда жиззахлик сайловчилар билан учрашди. Мазкур учрашув ҳақида партия матбуот хизмати тўлиқ маълумот берди.

Нарзулло Обломуродов Жиззах шаҳрига сафарини шаҳар марказидаги тарихий маскан, воҳа аҳли учун қадимий ва азиз жой ҳисобланмиш “Ўрда” экологик боғидан бошлади. Боғ ҳудудида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди. Обломуродов бу ерда ҳам анъанага кўра дарахт экиш акциясини бошлаб берди. Дарахтнинг атроф муҳитга фойдаси ҳақида тўхталиб Жиззахни яшил ҳудудга айлантириш бўйича тавсияларини берди. Номзод Жиззах вилоятида кўп маротаба бўлганлигини ва бу замин ўз туғилиб ўсган жойидек қадрдон бўлиб қолганлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг Экопартия раҳбари “Deya” қандолатчилик фабрикасида бўлди. Обломуродов «Deya» савдо маркаси билан танилган, «Бону ширинликлари» қандолат фабрикасида иш жараёнлари билан танишди. Ушбу қандолат фабрикаси замонавий Европа стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилган технологиялар билан таъминланган бўлиб, ускуналар Россия, Украина ва Польша давлатларидан олиб келинган. Нарзулло Обломуродов маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан олдин ва кейин ўтказиладиган лаборатория текширувлари, қадоқлаш жараёнлари ва маҳсулотнинг сифат таркиби билан ҳам қизиқди. “Deya” қандолатчилик маҳсулотлари сифат даражаси жиҳатидан хорижда ишлаб чиқарилган ширинликлар билан бемалол рақобатлаша олади. Бугунги кунда ушбу лаззатли қандолат маҳсулотлари бир қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Номзод экологик тоза табиий қўшимчалардан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш таклифини ҳам бериб ўтди.

Нарзулло Обломуродов Жиззах вилоятида туғилиб вояга етган давлат арбоби Шароф Рашидовнинг юртимиз равнақи учун қилган асрларга татигулик хизматларини эътироф этди ва Шароф Рашидов ҳайкали пойига гул қўйди.

Президентликка номзод Шароф Рашидов туманидаги амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишди. Бу ерда ёшлар, вилоят фаоллари билан учрашди.

Шундан сўнг Нарзулло Обломуродов Дўстлик туманидаги Наврўз маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Кексалар ва нуронийлар эъзозга энг муносиб қатлам вакиллари ҳисобланиб, уларга ғамхўрлик, иззат-икром кўрсатиш халқимизнинг асрлар оша қийматини йўқотмай келаётган эзгу фазилатларидан саналади. Нарзулло Обломуродов маҳалла аҳлининг кайфияти, яшаш тарзи бу ердаги ўзгаришлар билан қизиқди ва уларга бўлган юксак эҳтиромини намоён этди. Қолаверса, маҳалла ободонлиги борасида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Биз ўзгаришларни, ободликни бировлардан кутишимиз керак эмас. Ҳаммамиз ўзгаришларни ўз хонадонимиздан бошлашимиз керак. Ободлик аввало, ҳар бир инсоннинг кўнглидан бошланади. Оддий бир деворни таъмирлаш ва бўяш ёки кўчат ўтқазиш ҳам хонадонимизга ўзгача бир кўрк беради“, — дейди Обломуродов.

Жиззах вилояти Маданият саройида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг сайловчилар билан учрашди.

Нарзулло  Обломуродов сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан батафсил таништирди. Номзод глобал иқлим ўзгаришлари, йилдан-йилга камайиб бораётган табиий ресурслар, чиқиндилар муаммоси ва айнан Жиззах вилоятида бу соҳада қилиниши керак бўлган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида яшилликни сақлаш ниҳоятда муҳим. Чунки иқлим ўзгариши оқибатида ёзнинг иссиқ келиши, аномал иқлим ўзгаришлари инсонлар соғлигига, қишлоқ хўжалиги фаолиятига, бир сўз билан айтганда бутун ер юзидаги ҳаётий жараёнларга салбий таъсир кўрсатади. Бу йилги Нобель мукофоти совриндорлари қаторида иқлим ўзгаришлари бўйича тадқиқотлар олиб борган бир неча олимларнинг борлиги ҳам ушбу муаммонинг қанчалик долзарблигини исботлаб турибди”, — деди Обломуродов.

Шунингдек, номзод учрашув давомида соғлиқни сақлаш хизмати борасида истиқболда қандай ишлар амалга оширилиши ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва соғлиқни сақлаш тизими такомиллаштирилади. Бундан ташқари тиббий суғурта, хусусий тиббий ёрдам кўрсатиш ва фармацевтика саноати ривожлантирилади, дори воситалари сифати ва нархи барқарорлиги таъминланади. Оролбўйи ва бошқа экологик номақбул ҳудудларда экологик ҳолатни тубдан яхшилаш бўйича санитар-эпидемиологик мониторинг тизими ривожлантирилади“, – деди Нарзулло Обломуродов.

Учрашув қизғин руҳдаги муҳокамаларга бой ўтди. Номзод меҳнаткаш ва танти жиззахликларга миннатдорчилик билдириб, уларнинг илмни севиши ва экологияни асраш учун ҳамиша интилишини эътироф этди.

Шу тариқа Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг жиззахлик сайловчилар билан учрашуви ниҳоясига етди.

Учрашувдан сўнг Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Нарзулло Обломуродов Мирзачўл туманидаги “Vegeteble xaus” масъулияти чекланган жамиятга қарашли “Етти хазина” экотуристик масканида ҳам бўлди. Нарзулло Обломуродов у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди ҳамда экотуристик маскан раҳбари Бахтиёр Кунаров билан суҳбатлашди.

Мирзачўлда шундай инфратузилманинг бўлиши улкан ютуқдир. Демоқчиманки, чўл ҳудудида сув ҳавзасининг яратилиши катта меҳнат ва машаққат талаб қилади. Бу ерда ҳам балиқчилик, ҳам туячилик ва экологик туризмнинг бошқа йўналишларини ривожлантириш жуда муҳимдир. Бу ишларни келажакда яна давом эттириб бориш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва уларга барча қулай шароитларни яратиш лозим. Албатта, шунда катта-катта марраларга эришилади. Мирзачўл – ноёб ҳудуд. Бу ҳудудларни обод қиламиз деб кўплаб инсонларнинг бу ерга машаққатли меҳнати синган”, – деди Нарзулло Обломуродов.

Суҳбат давомида Бахтиёр Кунаров бир йилда ўртача беш юз миллион сўмга яқин даромадга эга бўлаётганлигини ҳамда олти юз нафардан ортиқ сайёхларни кутиб олаётганини маълум қилди.

Суҳбат якунида Нарзулло Обломуродов экотуристик масканнинг фаолиятини ривожлантириш, истиқболда туристик хизмат турларини кўпайтириш бўйича ўз тавсия ва таклифларини берди.