Аввал хабар берилганидек, республика бўйлаб «Кексалар ҳафталиги» эълон қилинган эди. Мазкур ҳафталик доирасида Наманган вилояти Чортоқ туманида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Азалдан кексаларни эъзозлаш, уларга меҳр кўрсатиш қадриятларимиздандир.

Аслида ёши улуғ ҳамюртларимизга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, саломатлиги ҳақида қайғуришга оид эзгу ишларга мамлакатимизда доим катта эътибор қаратиб келинган. “Кексалар ҳафталиги” маърифий-ижтимоий ҳафталиги доирасида бу борадаги амалий ишлар ҳажми янада кенгайди.

Кеча, 7 октябрь куни Чортоқ туман ҳокимлиги, туман Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, тиббиёт бирлашмаси, тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими, Маҳалла хайрия жамоат фондининг туман бўлинмаси вакиллари томонидан, юрт равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшган бир гуруҳ кекса нуронийлар ҳолидан хабар олинди.

Оромгоҳ маҳалласида яшовчи, 88 ёшли Тўхтахон ая Тўрабоева хонадонига йўқлов уюштирилди. Йўқлов асносида ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилиб, онахоннинг дуоси олинди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг Чортоқ туманида давом эттирилмоқда.