Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Америка Қўшма Штатларининг Вебстер университети президенти, доктор Джулиан Шустер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Таълим йўналишида дунё рейтингида юқори натижаларга эришиб келаётган Вебстер хусусий нотижорат университети 1915 йилда АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида ташкил топган бўлиб, 2019-2020 ўқув йилидан Тошкент шаҳрида ўз филиалини очди. Энди эса ушбу хорижий олийгоҳ Фарғонада ҳам фаолият олиб бориш ниятида.

“Пойтахтда талабалар учун яратилган барча шарт-шароитлар, Фарғонада ҳам яратилади. Биз шу орқали ёшларга сифатли таълим беришни мақсад қилганмиз“, – деди мулоқот давомида доктор Джулиан Шустер.

Унисерситетда асосан санъат, тасвирий ва саҳна санъати, ўқитувчилар таълими, бизнес ва менежментни ўз ичига олган турли фанлар бўйича бакалавр ва магистрлик дастурларини таклиф этади.

Лекин фанлар бўйича таклифлар ҳар бир филиалда давлат ва ҳудуд ички талабидан келиб чиққан ҳолда йўлга қўйилади. 4 та қитъадаги (Шимолий Америка, Европа, Африка ва Осиё) 9 та давлатда (АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, Швейцария, Австрия, Греция, Хитой, Сингапур, Ўзбекистон) 62 та шаҳарда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Унинг 200 га яқин таълим дастурлари мавжуд.

Вилоят ҳокими учрашувда юртимизда, хусусан, Фарғонада илм-фанга эътибор катта эканлигига, бу амалий натижалар билан ўз тасдиғини топаётганига меҳмонлар диққатини тортди. Бунга мисол тариқасида 2020 йилда Марказий Осиё шаҳарлари ичида илк бор Фарғонанинг ЮНЕСКО Таълим шаҳарлари глобал тармоғига қабул қилинганини таъкидлади.

Марғилон шаҳрида фаолият бошлаши кутилаётган Вебстер университетини келгусида Фарғона шаҳридаги 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжаллаб барпо этилаётган экошаҳарга кўчирилиши мумкинлигини маълум қилинди.

Мулоқотда яна бир жиҳат, олийгоҳга водий вилоятлари билан бир қаторда қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан ҳам йигит-қизлар келиб таълим олишлари мумкинлигига эътибор қаратилди.

Ҳар икки томон ҳам ҳамкорлик жараёнларини тезлаштириш, университет филиали фаолиятини йўлга қўйиш, талабаларга қулайликлар яратиш масалалари юзасидан ҳамфикр эканликлари қайд этилди.