Наманган давлат университетига Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан расмий ташриф буюрди.

Маўкур ташрифдан асосий мақсад университетда сўнгги йилларда олиб борилаётган академик ва илмий ишлар, амалга оширилаётган ўзгаришлар, «Эрасмус + дастури» лойиҳалари натижалари билан танишишдан иборат бўлди.

Дастлаб элчи университетнинг факультетлари фаолияти, уларда талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг янги ташкил этилган биотехнология факультети лабораторияларидаги машғулотлар жараёнини бевосита кузатиб, талабалар билан суҳбатлашди. Янги ташкил этилган IТ-PARK, ахборот ресурс маркази ҳам Шарлотта хонимда илиқ таассурот қолдирди. Университет профессор-ўқитувчилари билан ҳам қизғин суҳбатлашган элчи университетда илмий ютуқлар учун мустаҳкам пойдевор мавжудлигини эътироф этди.

Таъкидлаш ўринлики, айни пайтда Наманган давлат университети ҳамда Польша, Руминия, Греция, Италия ва Португалиянинг бир қатор нуфузли ОТМлари билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Ҳозирга қадар юзга яқин профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинув дастурларида иштирок этганлар. «Aymep», «Uzdok», «Modehed» каби 3 йиллик лойиҳалар муваффақиятли бажарилган. Меҳмонали Эгамбердиев, Отабек Имомов, Саиджалол Ҳасанов, Жасур Исроилов, Асатулло Сулаймонов, Мирзоҳид Аскаров, Ботир Жафаров, Олимжон Дадабоев, Дилмурод Маҳмуджанов каби ёш ўқитувчилар Польша, Италия, Руминия каби давлатлардаги нуфузли ОТМларда алмашинув бўйича илмий изланишлар олиб бориб, уларнинг аксарияти ҳозирда фалсафа доктори диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилганлар.

Учрашув жараёнида улар ўқув даврида қўлланаётган Европа тажрибалари, кредит-модуль тизимида тадбиқ этилаётган методлар хусусида Шарлотта Адрианга батафсил маълумот бердилар. Учрашув савол-жавоб ва фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.

Элчи хоним Наманган давлат университетида олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади ва келгусида бу каби ҳамкорлик давом этишини мамнуният билан таъкидлади.

Тадбир якунида хорижлик элчи Шарлотта Адрианга университет томонидан эсдалик совғалари топширилди.