ССВ Тошкент вилоятидаги Зангиота шифохонасида мқанча бемор бола даволанаётгани бўйича маълумот берди.

Тошкент вилоятидаги Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусановга кўра, ҳозирги кунда пойтахтда ва Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар фақат Зангиота 1-сон ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида қабул қилинмоқда.

«Марказимиз 2 минг ўринга мўлжалланган. Ҳозир бу ерда 1 минг 600 нафар бемор муолажа оляпти. Уларнинг 26 фоизи олтмиш ёшдан ошган фуқаролар бўлса, 160 нафарга яқини болалардан иборат.

Жами беморларнинг 77 фоизи ўрта оғир, 20 фоизи оғир, 3 фоизи эса ўта оғир ҳолатда. Айни пайтда 153 нафар бемор жонлантириш бўлимида даволаняпти. Кунига ўрта ҳисобда 100-150 нафар беморни қабул қилиб, уларни 7-10 кун давомида саломатлигини тиклаш чораларини кўряпмиз.

СOVID-19ни юқтириб олаётганлар орасида болалар сони ҳам ортиб бормоқда. Мисол учун, айни кунда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига кунига ўртача 25 нафар ўғил-қиз ётқизиляпти. Чунки юртимизда кенг тарқалган дельта штамми болаларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ», – дея маълумот берди А. Ҳусанов.