Онлайн аукционларда қатнашиб, ер участкасини сотиб олиш имкони барча учун мавжуд ёки Тошкент вилояти ҳудудининг захира ерлари жами 17,603 гектарни ташкил этмоқда.

Кўпчилик орасида “ер”, “ер ажратиш” ибораси бевосита ҳокимият ва кадастр ташкилоти номлари билан бирга ишлатилади. Кадастр органларига келиб тушаётган мурожаатларнинг ҳам асосий қисмини ер ажратиш масаласи ташкил этмоқда.

Президент томонидан жорий йилнинг 8 июнь куни имзоланган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли фармонига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида, ноқишлоқ ерлар эса фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши таъкидлаб ўтмоқчиман.

Ўзбекистон Республикасида ер фонди ерлардан фойдаланишнинг белгиланган асосий мақсадига кўра 8та тоифага бўлиниши кўпчиликка маълум. Ер кодексига мувофиқ, захира ерлар 7та ер фонди тоифаларига киритилмаган ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб берилмаган (реализация қилинмаган) барча ерлар захира ерлардир.

Ҳозирда Тошкент вилояти ҳудудининг захира ерлари жами 17,603 гектарни ташкил этмоқда. Шундан, 2,052 гектар ер майдони қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, 14,627 гектар ер эса бўш турган ер майдонларидир. Кадастр органлари мутахассислари томонидан олиб борилаётган хатлов ишлари жараёнида аниқланган бўш ер участкалари ҳисобига ушбу рақамлар доимий ўзгариб туради.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда жами 8952та бўш ер участкалари аниқланган. Ҳозирда ушбу ер участкаларининг 506таси аукцион савдосида турибди.

Эндиликда идора ва ташкилотларга бориб ер участкаларини сотиб олиш учун ҳужжат йиғиш ва навбатда туришга ҳожат қолмади. Онлайн аукционларда қатнашиб, барча ташкилот ва идоралар билан келишилган ҳолда савдога чиқарилган ер участкасини сотиб олиш имкони барча учун мавжуд.

Кадастр агентлиги Тошкент вилояти

бошқарма бошлиғи ўринбосари                                         Б.Минасипов