Жорий йил 10 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Хатирчи тумани судининг очиқ суд мажлисида, ижтимоий тармоқлар орқали “пул мукофоти ютиб олдингиз” деб фуқароларни алдаган фирибгарга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақида Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг судьяси Ҳабибулла Тухтаев Effect.uz'га маълум қилди.

Жиноят тафсилотларига кўра, 1999 йилда тўғилган Қучқоров Алишер Халимович (шахси ўзгартирилган) у хавфли рецедевист бўла туриб, 2021 йил 11 июнь куни соат 15:22 ларда алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини компьютер техникаси воситасидан фойдаланиб, қўлга киритиш мақсадида, ўзининг қўл телефон аппарати орқали телеграмм ижтимоий тармоғига кириб, “Agrobank INFO (bot)” номли телеграм гуруҳини ташкил этган.

Шунингдек, ушбу телеграм гуруҳига аъзо бўлган Ж.Рустамовга 500.000 сўм пул ютуғи мавжудлиги тўғрисида сохта маълумот ёзиб, ўзига тегишли бўлган пластик картаси рақами ва махфий кодини юбориши лозимлигини, ушбу пластик карта рақамига пул кўчириб берилиши тўғрисида сохта тасаввур уйғотиб, Ж.Рустамовнинг ишончига кириб, уни алдаб, ундан таниши Ш.Норовга тегишли бўлган АТБ “Агробанк” Хатирчи тумани филилали томонидан очилган 8600042318911145 рақамли пластик картасининг махфий кодларини олишга эришиб, ушбу пластик картасида мавжуд бўлган жами 2.884.350 сўм миқдордаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзининг “Qiwi” номли электрон ҳисоб рақамига кўчириб олиб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб, Ш.Норовга 2.884.350 сўм миқдорда моддий зарар етказган.

Суд, А.Қучқоровни содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, шу модда билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 10 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 62-моддаси тартибида иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда узил-кесил 2 (икки) йилу 10 (ўн) ой ахлоқ тузатиш иши жазоси қолдирилди, судланувчи А.Қучқоровга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилинди ва суд мажлиси залидан дарҳол қамоқдан озод этилди.