Бугун, 7 октябрь куни “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Президентликка номзод Алишер Қодировнинг хоразмлик сайловчилар билан учрашуви бошланди.

Учрашувни номзоднинг Хоразм вилоятидаги ишончли вакили Баҳодир Бабажанов очиб, Алишер Қодировнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Алишер Қодиров хоразмлик сайловчиларни дастури билан таништирар экан, бугун барча партиялар, Президентликка номзодларга тарғибот-ташвиқот ишлари учун бир хил ва тенг шароитлар яратилганини таъкидлади.

“Бугунги Ўзбекистонда сайловни юқори даражада ўтказишга сўнгги йилларда тубдан ўзгарган ҳокимиятнинг босими эмас, сайловчининг лоқайдлиги ёки сиёсий тафаккурининг заифлиги халақит бериши мумкин”, деди “Миллий тикланиш” номзоди.

Қачон амалга оширилган ишларимиз самарали бўлади?

“Бугунги шиддатли рақобат майдони бўлган дунёда мамлакатимизни оёққа турғазамиз, кучли ва рақобатбардош мамлакатга айлантирамиз. Лекин бу меҳнатни қадрлайдиган ва янада ривожлантирадиган авлодни тарбия қилмасак, амалга оширилган ишлар беҳудага кетади”, деди Қодиров.

Одамларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмаслиги.

“Бугун одамларимиз ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмаганидан битта муаммоси ўнтага айланмоқда!”, дейди Алишер Қодиров.

Иқтисодий ривожланиш учун қадриятлар қурбон қилинмаслиги керак!

“Тажриба қадриятларини, маданияти ва ибратли анъаналарини унутган жамиятлар тўла бахтли бўла олмаётганини кўрсатмоқда. Иқтисодий ривожланиш учун қадриятлар қурбон қилинмаслиги керак!”, деган Алишер Қодиров.

Ҳалолликни фарзандларимиз тарбиясига сингдиришимиз керак!

“Коррупция билан курашяпмиз. Лекин таъмагир онг остини жазо билан ўзгартириб бўлмайди. Ҳалолликни аввало оилада, сўнгра боғчада фарзандларимиз тарбиясига сингдириб юборилиши керак”, деди Қодиров.