Бугун, 7 октябрь куни ЎзЛидеПдан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятида сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтмоқда. Номзод Сирдарёда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида гапирди.

“Яхши биласизлар, оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш тажрибаси бундан икки йил олдин Сирдарёдан бошланган бўлиб, бугунги кунга қадар 17 минг  гектар майдон қайта ўзлаштирилди.

Келгуси беш йилда, вилоятда яна 34 минг гектар майдон ўзлаштирилиб, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик учун,  танлов асосида ажратиб берилади ва 30 минг нафар аҳоли банд бўлади.

Масалан, Мирзаободда 12 минг гектар, Сардобада 6,5 минг гектар, Ховос туманида 8 минг 700 гектар қўшимча ер майдонлари фойдаланишга киритилади. Бунинг учун, электр тортиш ва қудуқ қазиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Сирдарёда 286 минг гектар экин майдонининг 30 фоизи юқори даражада шўрланганган. Бу кўрсаткични кескин пасайтириш бўйича, хорижий экспертлар жалб этилади ва экин ерлар шўрланишини пасайтириш ва экинларни тўғри жойлаштириш дастури амалга оширилади.

Ерларнинг шўрланишини пасайтириш чораларини мустақил амалга  оширган кластер ва фермерларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий қилинади. Бунда, тупроқ таркибини лаборатория таҳлилларидан  ўтказиш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Сирдарё вилояти уруғчилик бўлими ташкил қилиниб,  шўр ерларда юқори ҳосил берадиган янги ғалла, сабзавот ва озуқа навлари яратилади. Бунинг учун, Оқолтин ва Боёвутда 2 минг гектар майдон ажратилади. Гулистон, Сирдарё ва Сайхунободда 1 минг гектарда сабзавот ва полиз уруғларини етиштириш полигони ташкил қилинади”, дейди Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Боёвут, Сардоба ва Ховосда 2 минг гектар интенсив мевали боғ ва Мирзаободда 2 минг гектар қўшимча анорзор барпо этилишини маълум қилди.

“Анорни саралаш, қадоқлаш ҳамда уни қайта ишлаш лойиҳалари ишга туширилади. Бунинг ҳисобига анор экспорти 2-3 баробарга, қўшилган қиймат 2,5 баробарга ортади. Янги боғ ва токзорлар учун ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли давр 3 йилдан 5 йилга узайтирилади”, дейди Мирзиёев.