Бугун, 7 октябрь куни ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига борди. Номзоднинг “Сирдарё мега люкс” корхонасининг павильонларидан бирида сайловчилар билан учрашуви бошланди.

Модератор- номзоднинг вилоят бўйича ишончли вакили – Покиза Аҳмеджонова. Номзод вилоятнинг 60 йиллик тўйини муносиб нишонлаш тўғрисида таклиф берди.

“Сирдарё вилоятининг ташкил топганига 2023 йилда 60 йил тўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Мирзиёев бахшичилик фестивалини Гулистон шаҳрида ўтказишни таклиф берди.

“Навбатдаги халқаро бахшичилик фестивалини Гулистон шаҳрида ўтказсак, нима дейсизлар?”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев эришилган ютуқлар ҳақида камроқ гапириб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида фикрлашиб олишни таклиф берди.

– Сирдарёда 40 минг нафар аҳоли ишсиз. Бунга қўшимча равишда ҳар йили меҳнат бозорига 15 минг нафар ёшлар кириб келмоқда.

– 30 минг оила доимий даромад манбаига эга эмас.

– 282 минг нафар (33 фоиз) аҳолида сурункали касалликлар аниқланди.

– 5 мингдан зиёд оила уй-жойга муҳтож.

– 136 та маҳалладаги ичимлик суви таъминоти талаб даражасида эмас.

– Йўл-транспорт, канализация ва бошқа инфратузилмалар бўйича ҳам, аҳолида кўплаб эътирозлар мавжуд.

– 83 та мактаб қувватига нисбатан 1,5-2 баробар кўп юклама билан ишламоқда.

– 8 та маҳаллада боғча умуман йўқ.

Номзод вилоятни ривожлантириш бўйича 5 йиллик дастурни таништиришди.