O’zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Ўктам Ахуновнинг навбатдаги учрашуви Жалақудуқ туманидаги 18-сон мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилди. Бу ерда жам бўлган сайловчилар вакилларига партия вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова ишончли вакилни таништираркан, айни вақтда 24 октябрь куни бўлиб ўтадаган сайловга жиддий тайёргарлик кўриш, муносиб номзодга овоз бериш ва бу танлов давлат ва жамият эртасини белгиловчи муҳим қарор эканлигини ҳис қилиш нечоғли юксак масъулият эканини таъкидлади.

Ишончли вакил томонидан номзодни таништирув, фаолияти ва сайловолди дастури моҳияти ҳаётий мисоллар орқали янада кенгроқ очиб берилди.

“Инсон қадри учун!”, “Инсон манфаатлари учун”, “Инсон хавфсизлиги учун!” ишлаб чиқилган сайловолди дастур муаллифи, янги Ўзбекистон меъморининг сўнгги беш йилдаги фаолияти мамлакатда, Андижонда, хусусан, Жалақудуқ туманида ҳам улкан бунёдкорлик ишларига дебоча бўлди. Айни кунда туманнинг саноатлашган, ҳар соҳада мислсиз ютуқларга эришаётган ҳаёти туман аҳлининг кундалик турмуш тарзида ҳам ўз аксини топаётир.

Учрашувда сайловчиларнинг ислоҳотлардан розилик кайфиятлари улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларда намоён бўлди. Сайоволди дастурнинг устувор 10 та йўналиши бўйича берилган атрофлича тушунтиришлардан сўнг сайловчилар ўз муносабатларини баён этдилар.

Тумандаги “Гулжаҳон-21” фермер хўжалиги раҳбари Гулжаҳон Усмонова сўз олиб, охирги беш йилда фермерлар учун яратилган имкониятлар, ер масаласидаги ислоҳотлар янги ташаббусларига қанот бўлганини, фаолиятини кенгайтиришга, кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантиришига хизмат қилганини қайд этди. Шунингдек, шу фаолияти ортидан халқ ичига янада чуқурроқ кириб, аҳоли ишончини қозонганини ва депутатликка сайланганини, бу мақом эса жамиятда хотин-қизларнинг янада муҳим ўрин эгаллаётганлари ифодаси бўлганини ғурур билан гапирди. Сайловолди дастур билан танишиш асносида эса мазкур ислоҳотлар изчил давом этишини, янги Ўзбекистон стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми эканлигини қалбан ҳис қилганини алоҳида таъкидлади.

Учрашув қизғин ва самимий мулоқот майдонига айланди.