Бугун, 7 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг фарғоналик сайловчилар билан учрашуви бошланди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб берган.

Йиғилиш иштирокчиларини сайловолди дастури билан таништириш учун сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисовага берилди. Номзоднинг дастурида асосий мақсад сифатида мамлакатда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш белгилаб олинган дастурда давлат бошқаруви, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт, маданият, қонун устуворлигини таъминлаш, ташқи сиёсат масалаларига доир  устувор йўналишлари қамраб олинган.

“Дастурнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этишдир.

Ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши учун, жумладан, қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат, замонавий таълим ва малакавий тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлмоғи керак.

Биз аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш тарафдоримиз. Ўрта муддатли истиқболда кам таъминланган аҳоли қатламлари улушини камида 2 баравар қисқартириш мақсадида камбағалликни бартараф этиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Ҳудудларнинг барқарор ривожланиши учун давлат даромадларини тенг ва адолатли тақсимлаш, ҳудудий дастурларни амалга ошириш учун давлат бюджети, бошқа ички ва ташқи манбалардан қўшимча молиявий ресурсларни сафарбар этиш зарур.

Давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни назорат қилиш ҳамда тартибга солиш бўйича демократик тизимни шакллантириш лозим”, дейди Ворисова.