Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фаҳриддин Қодиров билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан расмий баёнот берди.

У аввалроқ шаҳарнинг айрим жойларига осилган русча сўзлар эмас балки ўзбекча сўзлардан фойдаланишини тарғиб қилган постлар эълон қилинган хабар остидаги изоҳга шундай жавоб ёзиб қолдирган эди.

Айнан мана шунинг учун Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби билан меҳнат муносабатларини давом эттириш мумкин эмас деган хулосага келинган.

“Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз ваколатлари доирасида давлат органлари матбуот котиблари фаолиятини назорат қилади ва баҳолайди. Матбуот котибларининг асосий вазифаларидан бири — давлат органларида олиб борилаётган ишлар тўғрисида жамоатчиликни ўз вақтида ва тўлиқ хабардор қилишдан иборатдир.

Бироқ айрим матбуот котиблари ўз вазифаларини бажариш ўрнига, фаолиятига алоқадор бўлмаган ишлар билан шуғулланиб, давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрларига тўғри келмайдиган ҳолатларга йўл қўяётгани ҳам кузатилмоқда.

Хусусан, куни кеча Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Ф.Қодиров ижтимоий тармоқлардаги оммавий мунозара пайтида давлат хизматчисининг мақомига хос бўлмаган тарзда ўз фикрини нотўғри шаклда билдириб, мулоқот маданиятининг умумқабул қилинган меъёрларини бузган. У мулоқот давомида қўпол сўзлар ишлатган, бу ҳолат, ўз навбатида, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби билан меҳнат муносабатларини давом эттириш мумкин эмас, деган қарорга келган. Чунки у ўз хатти-ҳаракатлари билан давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрлари ва кодексини бузган, шунингдек, ўз фаолиятида мулоқот маданияти меъёрларига риоя қилмаган”, дейилади АОКА хабарида.

Шунингдек, Агентлик барча матбуот котибларини сўзга масъулиятли бўлиш, ўз вазифаларига жиддий ёндашиш, шунингдек, аҳоли сўровларига тезкорлик билан жавоб беришга чақирган.