5 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида “Металлург” футбол клуби қошида фаолият юритадиган “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг 1-ўринбосари Равшан Эрматов, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АО бошқаруви вакиллари, ўзбек футболи фахрийлари ҳамда “Реал” футбол клубидан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар, жумладан “қироллик клуби”нинг яқин ўтмишдаги машҳур футболчиси Альваро Арбелоа, академия тарбияланувчилари, мураббийлар штаби ҳамда бекободлик футбол мухлислари иштирок этишди.

“El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академиясининг тантанали очилиш маросимига Испаниядан махсус элчи сифатида ташриф буюрган футболчи, жаҳон чемпиони, икки карра Европа чемпиони, UEFA Чемпионлар лигаси ҳамда UEFA Суперкубоги ғолиби, клублар ўртасида жаҳон чемпиони, айни пайтда “Реал Мадрид” академиясида У-14 жамоасида бош мураббий бўлиб фаолият юритаётган Альваро Арбелоа сўзга чиқиб, “қироллик клуби” анъаналари эндиликда Бекобод шаҳрида – “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академиясида давом эттирилишидан хурсанд эканлигини айтиб ўтди

Очилиш маросимидан сўнг тадбирга келган меҳмонлар “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академияси билан таништириб чиқилди.

Қисқа фурсатда қўриб фойдаланишга топширилган академия ўқув хоналари, конференция зали, тиббиёт хоналари, хориж тиллари – испан ва инглиз тилларидан чуқурлаштирилган ҳолда таълим берувчи махсус жиҳозлар билан таъминланган синф хоналари, академия тарбияланувчиларининг машғулотларини таҳлил этишга мослашган видео кўрик заллари, 200 нафардан зиёд тарбияланувчига мўлжалланган ётоқхона ва ошхоналар кўздан кечирилди.