5 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 87 710 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда оммавий вакцинация тадбирлари 3 138 та эмлаш пунктида ва 18 828 та ҳаракатдаги бригадалар томонидан амалга оширилмоқда. Ҳудудлардаги исталган эмлаш пунктида 12 ёшдан катта болалар ота-оналари ва васийларининг розилиги асосида коронавирусга қарши эмланишлари мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистонга жами 1 200 000 доза Pfizer/BioNTech вакцинаси олиб келинган бўлиб, 5 октябрь ҳолатига кўра, ушбу вакцинанинг 465 010 дозаси эмлаш жараёнларида фойдаланилди.

Коронавирусга қарши Pfizer вакцинасининг 12-15 ёшдаги болаларда ўтказилган клиник синовларининг натижалари мазкур вакцинанинг юқори даражада самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатган бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 12 ёшдан юқори болаларни ва ўсмирларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш тавсия этилган.