2021 йил 4 октабр куни Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-туркман форуми доирасида “Uzavtosanoat” АЖ ва “Turkmeniston-Motors” АЖ Туркманистон ҳудудида автомобиль, қишлоқ хўжалиги ва тиркама ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида меморандум имзолади.

Маълум бўлишича, меморандум имзолаш маросимида “Uzavtosanoat” АЖ бошқарув раиси Шавкат Умурзаков ва “Turkmeniston-Motors” АЖ бошқарув раиси Фурқат Айдашев иштирок этди.

Ушбу Меморандум доирасида “Turkmeniston-Motors” АЖ ишлаб чиқариш объектларида “UzAuto Motors” АЖ автомобилларини ишлаб чиқаришни шартнома тузиш режалаштирилган.

Бу йўналишдаги ҳамкорлик Туркманистонда автомобиль компонентларини ишлаб чиқаришни ва экспорт бозорларига сотишни ташкил қилишни ҳам назарда тутади.

Бундан ташқари, “Uzavtosanoat” АЖ тизимига кирувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган бошқа транспорт воситалари (пикаплар, юк машиналар ва автобуслар), қишлоқ хўжалиги ва тиркама ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилган.

Ушбу йўналишни амалга ошириш Туркманистонга янги иш ўринларини яратиш, ЯИМ таркибида саноат улушини кўпайтириш, экспорт бозорларига чиқиш, аҳолини халқаро сифатли автомобиллар билан таъминлаш имконини беради.

Томонлар давлатлараро савдо-иқтисодий алоқаларни, жумладан, автомобилсозлик саноатини ривожлантириш ва кенгайтиришда умумий манфаат ва мақсадларга эга.

Бугунги кунда “Uzavtosanoat” Туркманистон Республикасига автомобиль ва тижорат ускуналарини экспорт қилиб келмоқда, бу эса икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигининг сабабларидан бирига айланди”, – дейилади хабарда.