Тошкент давлат иқтисодиёт университети собиқ проректори Нодир Идиев давлатнинг 2 миллион долларини талон-торож қилганликда гумонланиб, суд органларидан яширингани учун қидирувга берилди. Бу ҳақида Бухоро шаҳар ИИБ бошлиғи Баҳодирхўжа Шарипов «Daryo» нашрига маълум қилган.

«Ҳақиқатан ҳам Нодир Идиев қидирувда, унинг хатти-ҳаракати билан боғлиқ барча ҳужжатлар вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбарига тақдим этилди. У икки миллион доллар давлат пулини талон-торож қилганликда гумонланмоқда», — дейди Шарипов.

Маълум бўлишича, Идиевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми билан жиноий иш очилган.

«Қидирувдаги шахснинг яширинган жойини аниқлашда амалий ёрдам кўрсатган фуқаронинг шахси сир сақланади ҳамда пул мукофоти билан рағбатлантирилади», — дейилади ИИБ хабарида.

Аввалроқ, Нодир Идиевга нисбатан қидирув эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.