Ижтимоий тармоқларда тарқалган Шаҳрисабздаги 58-мактабда ўқувчилар поли чириб кетган спортзалда шуғулланишаётгани ҳақидаги хабар бўйича Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича,  Шаҳрисабз тумани халқ таълими бўлимига қарашли 58-умумий ўрта таълим мактаби “Ғилон” МФЙга қарашли “Ғилoн” қишлоғида жойлашган.

Мактаб 1967 йил қурилган ва 2014 йилда 200 ўринли янги ўқув биноси қурилган. Мавжуд 2 та 240 ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланган.

2019 йилда мактаб филиалига Инвестиция давлат дастури асосида 96 ўринли ўқув биноси қурилган.Жами қуввати бугунги кунда 776 ўқувчи ўринли, ўқувчилар сони 557 нафар, навбатлилик коеффиценти 0.7 фоиз ва мактабнинг умумий ер майдони 1.75 га ни ташкил этади.

Мактабнинг 12х24 метр ўлчамдаги спорт зали 2007 йил қурилган. Мактаб тоғли ҳудудда жойлашганлиги, ер ости сувлари ер юзасига яқинлиги, намгарчилик юқорилиги натижасида спорт залининг пол қисми жуда тез вақтда яроқсиз ҳолатга келган.

Шунингдек, 2022 йил “Маҳаллий бюджет” ҳисобидан мактаб спорт залининг пол қисми янгидан таъмирлаш режалаштирилгани айтилган хабарда.

Ҳозирда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, мактаб спорт залини бирламчи таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.