Олий суд матбуот хизмати Қашқадарёда болта билан чопиб ўлдирилган чол-кампир ўлимида гумонланганлар устидан бошланган суд иши бўйича маълумот берди. 4 октбярь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ишни кўраётган судья жараённи ёритиш истагидаги журналист ва блогерлар фаолиятини чеклаган эди. Яъни тарафларни эшитиб, прокурорнинг рад этиш талабини қондирган.

Олий суд матбуот хизмати мазкур иш бўйича батафсил маълумот бериб, ўтди. Айтилишича, Қашқадарё вилоят судида Жиноят кодексининг 97, 104, 134 ва бошқа моддалари билан айбланаётган Ж. Н., П. Н. ва А. А. га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ўтказиляпти.

Жорий йилнинг 4 октябрь куни навбатдаги суд мажлиси давом эттирилиб, унда жабрланувчи ва гувоҳлар сўроқ қилинган.

Суд мажлиси давомида Daryo.uz интернет-нашри вакили О.Қўлдошев, “Инсон ҳуқуқи ва қадри” студияси мухбири Д.Ҳакимова ва Effect.uz интернет нашри ходимлари Даврон Ҳасанов судга илтимоснома киритиб, суд мажлисини видеотасвирга олиш, аудиоёзув юритишга ҳамда тўпланган материалларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритишга рухсат беришни сўраган.

“Суд мазкур ёзма илтимосномалар юзасидан тарафлар фикрини сўраганида, судланувчиларнинг адвокатлари ҳамда вакили илтимосномани қанотлантиришни сўради.

Бироқ прокурор, жабрланувчилар ҳамда уларнинг адвокатлари суд мажлисини видеотасвирга олиш, оммавий ахборот воситаларида ёритишга, аудиоёзув юритилишига қарши эканликларини, суд тергови давомида уларнинг оиласига, шаъни ва қадр қимматига тегишли маълумотлар айтилаётганлигини, бу маълумотлар ошкор бўлишига, оммавий ахборот воситалари орқали ёритилишига қарши эканликларини билдириб, илтимосномаларни рад қилишни сўраган.

Суд ҳайъати илтимосномани муҳокама қилиб, Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарорида берилган тушунтиришларга риоя қилган ҳолда оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатини (илтимосномасини) рад қилиш ҳақида ўз жойида ажрим чиқарди ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилган.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига очиқ суд мажлисида иштирок этишлари мумкинлиги, аммо видео ва аудиоёзув аппаратларидан фойдаланишлари мумкин эмаслиги таъкидланди.

Шундан сўнг суд мажлиси давом эттирилиб, оммавий ахборот воситалари ходимлари суд мажлиси якунига қадар иштирок этишган”, дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.

Ҳолат ҳақида нималар маълум?

Қашқадарё вилоят Жиноят судида 4 октябрь куни болта билан чопиб ўлдирилган чол-кампир ўлимида гумонланганлар устидан суд ўз иши бошлади. Судда қатнашган “Дарё” мухбирининг хабар беришича, судья Ботир Диёров жараённи ёритиш истагида бўлган журналист ва блогерларнинг видео, фото ҳамда аудиоматериал тўплашига тўсқинлик қилган.

“Судьяга илтимоснома киритиб, мазкур жараён ижтимоий тармоқларда бот-бот кўтарилаётганини айтсак-да, судья Ботир Диёров жараёнда кузатувчи сифатида қатнашишимиз мумкинлигини, бироқ аудио, фото ҳамда видеоматериаллар тўплашимизга рухсат бермаслигини айтди. Сабабини сўраганимизда эса тайинли асос келтиролмади. Шунинг учун биз суд залини тарк этишга мажбур бўлдик”, дейди Effect.uz сайти мухбири Даврон Ҳасанов.

 

Суд залида жараённи кузатиб, маълумотларни ён дафтарчасига ёзиб олишга мажбур бўлган “Дарё” мухбирининг хабар беришича, судда чол-кампирнинг келини Шалола Жўраева тингланган.

Судда сўз олган Шалола Жўраева 2020 йил 4 октябрь кунидаги воқеани эсга олиб, ўша куни кечки пайт боласини эмизиб, ётиб ухлаганини, бироздан сўнг деразасининг тагидан югуриб ўтган кишининг оёқ товушлари эшитилганини эслаб:

“Аввалига қайнотам бўлса керак деб ўйладим, сўнгра қайнотам кекса киши бўлса, қандай югуради деб ўйладим. Сўнг жим бўлди, кейин ётдим. Соатини билмайман, бироздан сўнг яна эшигим тортилди. Ташқаридан Шалола, Шалола, деб чақиришди. Турмуш ўртоғим уйда йўқ эди. Чақирган одам эриммикин деб, сизмисиз, дедим. Индамади-да, эшикни тортди, эшик очилиб кетди.

Болам совқотмасин деб, эшикни ёпиш учун ўрнимдан турдим. Эшик олдидаги ‘адёл’ни кўтариб, эшикни ёпишга уринганимда кимдир бошимга муштлаб урди, йиқилиб тушдим. Ўрнимдан турганимда икки ёшли боламнинг қўлидан ушлаб, боши билан ерга ураётган экан. Беш йил деганда фарзандли бўлгандим. Боламни урманг, дедим. Хўп, унда сени урамиз, дея яна мени уриб кетди. Мени ураётган одамнинг кўзи ва қоши таниш бўлганидан кимлигини билиш учун юзидаги рўмолини тортдим. Қарасам, ўзимизнинг Панжи тоғамиз экан”, деди.

Шалола Жўраеванинг мазкур гапларига эътироз билдирган айбланувчи П.Н. эса мазкур қотиллик воқеасига унинг алоқаси йўқлигини, ИИБ ходимлари уни уриб, айбни унинг бўйнига қўйишга ҳаракат қилганини, тергов пайтида унга босим ўтказилиб, қийноққа солинганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда 66 ёшли чол ва унинг кампири ваҳшийларча ўлдирилиб, ёқиб юборилгани, воқеа бўйича гумонланувчилар озодликда юргани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг мазкур мақолага муносабат билдирган Бош прокуратура ахборот хизмати ваҳшийларча ўлдирилган ва ёқиб юборилган чол-кампир воқеаси бўйича 300 дан ортиқ шахс сўроқ қилинганини очиқлаб, натижалар ҳақида кенг жамоатчиликка қўшимча ахборот берилишини билдирган.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган аёл қотилликда гумонланаётган эри, қайнота ва қайноғаси ноҳақ қамоққа олинганини айтиб, Президентдан ёрдам сўради. Мазкур чиқишга муносабат билдирган Бош прокуратура ахборот хизмати эса ҳолат юзасидан Миришкор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилганини, жиноят иши бўйича уч нафар шахсга айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Таъкидланишича, кейинги суд мажлиси 7 октябрь куни ўтказилади.