Бугун, 6 октябрь куни Миллатлар лигасининг ярим финал ўйинларининг бири бўлиб ўтади. Ушбу ўйинда яқинда Европа чемпионига айланган Италия терма жамоаси ҳамда ушбу Европа чемпионатининг ярим финалида  Италияга рақиблик қилган Испания терма жамоалари яна бир бор куч синашишади.

Икки рақиб ҳам ҳозирда янада юксалиш даврига етиб келган. Италия бир неча йиллардан бери кучли дея аталмаган эди, лекин Европа чемпионатида ҳали ҳам топ даражадаги терма жамоалардан бири эканлигини исботлаб қўйди. Ушбу жамоанинг ҳозирда футболчилари ўзи иштирок этаётган чемпионатнинг энг кучли ўйинчиларидан саналмоқда. Испания эса Европа чемпионати ярим финалидаги аламини олиш учун имкониятга эга бўлмоқда.

Ҳозирда Испания терма жамоаси авлодлар алмашинуви даврида бўлса ҳам жуда яхши ҳаракат қилмоқда. Италияда эса деярли авлодлар алмашинуви ўз якунига етди. Бугун Миллатлар лигасининг иккинчи мавсумидаги илк ярим финалга гувоҳ бўламиз. Ушбу ўйин бугун 23:45да старт олади.

Италия ва Испания терма жамоалари ўзаро 34 учрашувда тўқнаш келишган. Ушбу ўйинларнинг 9тасида Италия, 10тасида Испания ғалаба қозонган. Қолган 15 учрашувда дуранг натижа қайд этилган. Кўриниб турганидек бу терма жамоалар тенг кучлидир.

Маълумот учун, иккинчи ярим финалчилар Бельгия ҳамда Франция терма жамоаларидир. Улар эртага, 7 октябрь куни финал йўлланмаси учун кураш олиб боришади.

Эслатиб ўтамиз, Миллатлар лигасининг илк чемпионига Португалия терма жамоаси эга чиққан эди.