Бугун, 6 октябрь куни Экопартия раҳбари Нарзулло Обломуродов Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувдан сўнг  шаҳар марказида жойлашган “Афсоналар водийси” боғига борди.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Обломуродов боғда дам олувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, дарахт экиш акциясини ўтказган. Таъкидланишича, ушбу боғ ҳудуди 155 гектарни ташкил қилади ҳамда дам олувчилар учун барча қулайликлар яратилган.

“Афсоналар водийси” боғи сўлим ва хушманзара бўлиб, шаҳар микроиқлими учун муҳим аҳамият касб этади”, дейилади Экопартия хабарида.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Айни пайтгача бу масканда дам олувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, турли аттракцион ўйинлар, манзарали дарахт ва кўчатлар экилиб, соф экологик муҳит юзага келтирилди. Қолаверса, ажиб хиёбон Наманганда туризм салоҳиятини юксалтириш билан бир қаторда вилоятга сайёҳлар оқимини кўпайишига ҳам хизмат қилмоқда. Нарзулло Обломуродов боғда амалга оширилган ишлар билан танишиб, Экопартия томонидан ташкил этилган дарахт экиш акциясида иштирок этди. “Яшиллар” томонидан боғ ҳудудига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Нарзулла Обломуродов шундан сўнг Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилоят кенгаши янги биносига борди ва у ерда ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишган. Партия фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилган.

Бундан ташқари, Нарзулло Обломуродов шу куннинг ўзида қайта ишлаш кластерига ҳам борди.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Наманган шаҳрида “Наманган мусаффо иқлим” масъулияти чекланган жамияти чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланадиган йирик кластерлардан бири сифатида ташкил этилган бўлиб, унинг ҳисобида 160 тадан ортиқ махсус техникалар мавжуд. Ушбу кластер бир кунда аҳолидан 1000 куб атрофида чиқиндини олиб кетади.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Корхона масъулларининг маълумотига кўра ҳозирги кунда аҳолига хизмат кўрсатиш қамрови 2 миллион 800 минг аҳолини 71 фоизни ташкил этади. 2022 йилга келиб қамров даражасини 100 фоизга олиб чиқиш режалаштирилган.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Нарзулло Обломуродов ушбу кластерда ҳозирги кунда соҳада амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантириш зарурлиги ҳамда аҳолининг “утилизация” (қайта ишлаш) тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш лозимлигини таъкидлади. Кластер фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўз  таклиф ва тавсияларини берди.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Шунингдек, Н.Обломуродов “Мусаффо иқлим” МЧЖда махсус  автомобилларни қайта таъмирлайдиган механик аёл Адиба Раҳимова билан ҳам суҳбатлашди. Айтилишича, Адиба Раҳимова махсус автотранспортларни таъмирлаш билан 35 йилдан буён шуғулланади.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

“Айтиб ўтиш жоизки, бу аёл сабр-матонатда кўпчиликка ўрнак бўла олади. Гарчи ҳаёт синовлари, қийинчиликлари Адиба Раҳимовани  ҳам четлаб ўтмаган бўлсада, у ҳар қандай синовга дош бера олган”, дейилади партия матбуот хизмати берган хабарда.

Механик аёл Экологик партия раҳбарига ўз фаолияти давомидаги  муҳим воқеалар, қизиқарли ҳодисалар ва босиб ўтган йўли ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Экопартия матбуот хизмати

Нарзулло Обломуродов истиқболда меҳнаткаш аёлларни муносиб тақдирлаш, уларнинг оилаларига ва фарзандларига имтиёзлар бериш каби ташаббуслар амалга оширилишини таъкидлади.

Экопартия матбуот хизмати