Бугун, 6 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг андижонлик сайловчилар билан учрашди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб берган.

Номзод сайловолди дастури билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди. Дастурда асосий мақсад сифатида мамлакатда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш белгилаб олинган дастурда давлат бошқаруви, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт, маданият, қонун устуворлигини таъминлаш, ташқи сиёсат масалаларига доир устувор йўналишлари қамраб олинган.

Ворисова андижонлик сайловчиларни сайловолди дастури билан таништирар экан, ундаги асосий устувор йўналишлар хусусида тўхталиб ўтди. Дастурда Ўзбекистонда ижтимоий демократик давлат қуришни асосий мақсад сифатида белгилаб олган Халқ демократик партиясидан номзоднинг сайловолди дастури мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган энг муҳим 9 та устувор йўналишни қамраб олган.

Ундаги мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши биринчидан, аҳоли кенг қатламлари фаровонлиги таъминланишини назарда тутади. Ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши, қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат, замонавий таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлади.

Иккинчидан, барча соҳаларда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликни қарор топтириш, жамият аъзоларининг ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун уларга тенг имкониятлар яратилиши кўзда тутилган.

Учинчидан, фуқароларнинг демократик институтлар орқали аҳолининг ижтимоий кайфиятига, зарур ҳаётий эҳтиёжларини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, жамиятда жамоатчилик экспертизаси ва муҳокамаларида кенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган демократик асослар яратилади.

Номзоднинг дастуридан келгуси 5 йилликда камбағал аҳоли қатламлари улушини камида 2 баробар қисқартириш, 2030 йилга қадар фуқароларнинг ўта камбағал ҳолатда кун кечиришига барҳам бериш, ўрта муддатли истиқболда иш ҳақи даражаси яшаш минумимидан камида 1,5 баробар оширишни асосий вазифалари жой олиб, бу борада аниқ чоралар кўрилиши баён қилинган.

“Бунинг учун биз иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш, ўрта муддатли истиқболда кам таъминланган аҳоли қатламлари улушини камида 2 баравар қисқартириш мақсадида камбағалликни бартараф этиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш, юқори қўшимча қийматга эга секторлар ва меҳнат талаб қиладиган тармоқларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, иқтисодиётнинг инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш лозим”, деб ҳисоблаймиз деган Мақсуда Ворисова.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсад ва вазифалар мамлакат тараққиёти, халқ форовонлигига хизмат қилишини таъкидлаб, 24 октябрда бўладиган сайловда Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлашини айтишган.