Экологик партиядан президентликка номзоди тасдиқланган Нарзулло Обломуродов наманганлик сайловчиларга сайловолди дастурини таништирди.

Партия табиатни асраб-авайлаш, мамлакатдаги дарахтлар ва сув ҳавзаларини, табиий ёдгорликларни салбий антропоген таъсирдан ҳимоя қилиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари сурамиз. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер, сув ва атмосфера ҳавосига салбий таъсири учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, етказилган зарарни қоплашда “ифлослантирувчи тўлайди” тамойили тарафдоримиз”, – дейди Обломуродов.

Шунингдек, Обломуродов Экологик хавф-хатарларга қарши курашиш, уларни бартараф этишда давлат ва жамоатчилик иштироки ҳамда назорати самарадорлиги оширилишини маълум қилди.

Экологик хавф-хатарларга қарши курашиш, уларни бартараф этишда давлат ва жамоатчилик иштироки ҳамда назорати самарадорлиги оширилади, жамоатчи экологик инспекторлар фаолиятида электрон тизимлардан фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси такомиллаштирилади.

Шу билан бирга атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларида ёшлар фаоллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Қолаверса, бугунги кунда бутун дунёда глобал иқлим ўзгариши бўйича вазият жиддийлигига қарамай, саноат корхоналари томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган ташлама, оқова сувлар ва чиқиндилар ҳажмининг ҳамон юқори даражада қолаётгани иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ инқирозни янада мураккаблаштирмоқда. Бу борада тезкор чоралар кўрилмаса, келгусида глобал тусдаги муаммолар бунданда аянчли кўриниш олиши мумкин”, – дейди Обломуродов.